Эри ўз хотинининг бурнию лабини кесиб ташлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бу каби машъум ҳодиса кеча тунда Афғонистоннинг ғарбий Ҳирот шаҳрида юз берган.

Хабарларга кўра, бангивор модда сотиб олишга пул бермагани учун эри хотинини шу куйга солган.

Гиёҳванд модда хуружида пичоқ билан ухлаб ётган аёлининг бурни ва устки лабини кесиб ташлаган.

Ўзи эса, қилган қилмиши ортидан қочиб қолган.

Қора қонига беланиб ётган ёшгина жувонни онаси касалхонага етказган.

Жабрдийда аёлгинани бориб кўрган маҳаллий маcъулларнинг айтишларича, ҳозир унинг аҳволи бироз яхшиланган.

Тўрт фарзанднинг онаси Ситора бор-йўғи 22 ёшда бўлган.

Ҳиротдаги мухбиримиз Ҳумон Ҳадиднинг айтишича, икки кундирки, қочиб кетган эрининг қаердалиги маълум эмас.

Юз берган ҳодиса юзасидан жиноий иш очилгани ва полиция томонидан уни излаб топиш учун қидирув эълон қилингани айтилмоқда.

Аён бўлишича, гиёҳванд моддаларга рўжў қўйган бу эркак ҳеч қаерда ишламаган.

Олти жондан иборат оиланинг тирикчилиги ёлғиз хотинининг мардикорчилик қилиб топган тўрт танга пули орқасидан ўтган.

Мухбиримизнинг айтишича, шунга қарамай, аёл эрининг доимий калтаклари остида яшаб келган.

Илк ҳодиса эмас

Image caption Зўравон эрлари томонидан хотинларининг бурун ва тиллари кесиб ташланган ҳоллар эса, ўтган яқин йилларнинг ўзида бир неча бор юз берди

12 ёшида турмушга узатилган Саҳар Гулнинг кечмиши ҳам ўтган йили бутун дунёни ларзага солган ва Афғонистоннинг ўзида ҳам кишиларнинг қаҳру ғазабларига сабаб бўлганди.

Ёш боши билан ўзидан анча катта кишига эрга тегишга мажбур бўлган Саҳар Гул эри ва унинг яқинлари томонидан шафқатсиз қийноққа солинади.

Улар Саҳар Гулни ертўлада оч-наҳор сақлашади, тирноқ ва сочларини суғуриб олишдан ташқари, баданини сигарет чўғи билан куйдиришади.

Ўтган йили афғон полицияси ўлишига бир баҳя қолган Саҳар Гулни қутқариб олишга муваффақ бўлади.

Аммо Афғонистон Олий маҳкамаси Саҳар Гулнинг қасддан одам ўлдиришда айбланиб, 10 йиллик қамоқ жазоси берилиши кутилган қайнота, қайнона ва қайн опасини бир йилнинг ўзида озодликка чиқаришга қарор қилганди.

Хотин-қизларга қарши турли кўринишдаги зўравонликлар, йилларки, Афғонистон тўқнаш келиб турган энг жиддий муаммолардан бирилигича қолмоқда.

Агар, маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари сўзларига таянилса, ҳатто, янги афғон ҳукумати томонидан 2009 йилда қабул қилинган махсус қонун ҳам уларнинг ҳимояси йўлида ҳеч бир иш қила олмаган.

Зўравон эрлари томонидан хотинларининг бурун ва тиллари кесиб ташланган ҳоллар эса, ўтган яқин йилларнинг ўзида бир неча бор юз берди.

Ўзларининг бошларига тушган даҳшатли кўргуликлардан яна ҳаётга қайтишлари осон кечмайдиган бу каби аёллар эса, ҳозир енгиб ўтиши керак бўлган яна бир мушкулот қаршисида қолишган.

Афғонистонда Толибонга ўхшаш ўта анъанадор гуруҳларнинг таъсирлари яна кучая бошларкан, Ситораю Саҳар Гул ва бошқа афғон аёлларининг тақдирларидан хавотирлар ҳам кучайиб бормоқда.