Жанубий Африка: Нелсон Манделанинг жасади тупроққа топширилди

Жанубий Африканинг биринчи қора танли президенти Нелсон Манделанинг дафн маросими у туғилиб ўсган Шарқий Кейпда, Қуну қишлоғида бошланган.

Дафн маросими махсус ўрнатилган улкан оқ чодир ичида бўлиб ўтган.

Дафн маросимига тўрт ярим мингдан ортиқ киши келган.

Маросим якунида оила аъзолари ва энг яқин дўстлари, жумладан унинг беваси Граса Машел ва Жанубий Африка Президенти Якоб Зума иштирокида Мандела жасади ерга қўйилди.

Дафн маросими расмий ва анъанавий одатлар асосида бўлиб ўтган. Тобут устига йўлбарс териси ёпишган.

Қунуликлар Манделанинг уйига элтадиган йўл ёқаларида кутиб ўтиришган. Миллий кийимдаги аёллар Мандела ҳақида қўшиқлар айтиб, рақсга тушганлар.

Аёллардан бири унинг сахийлиги, меҳрибонлиги етишмаслигини айтади: "Ҳар Рождествода у бизнинг болаларимизга кийимлар тарқатарди. У бизнинг Исомиз эди", дейди аёл йиғлаб.

Қунуликлар Манделанинг ўлимини шахсий йўқотишлари каби қабул қилишган. Шу билан бирга қишлоқ аҳолиси дунёнинг етук сиёсатчиси даражасига кўтарилган инсон ўзларининг қишлоғида туғилганидан фахр ҳиссини туйганлар.

Нелсон Мандела билан видолашув

Бир кун олдин Африка Миллий конгресси аъзолари Нелсон Мандела хотирасига сўнгги бор ҳурмат бажо келтирганлар.

Манделанинг тобути олдида гапирган невараси Мандла бобоси "дам олиш учун уйига кетиш арафасида"лигини айтган.

Приторияда охирги уч кунда Нелсон Мандела билан видолашув учун камида 100 минг киши ташриф буюрган. Навбат узунлигидан кўп одамлар қайтиб кетишларига тўғри келган.

Жанубий Африканинг собиқ президенти Нелсон Мандела 5 декабрда 95 ёшида вафот этди.

Манделанинг мотам маросимига келган кўпгина давлат раҳбарлари дунёни ўзгартирган инсон хотирасига видолашув сўзларини изҳор этишган.

"Биз учун унинг ўрни билинади... У бизнинг отамиз эди, бизнинг ҳимоячимиз эди. У ҳаммага ўхшамайдиган одам эди". "Биз уни ҳар доим қалбимизда сақлаймиз", деб айтган Жанубий Африка Президенти Якоб Зума.

Бу мавзуда батафсилроқ