Араб баҳори учун қаҳратон қиш

Image caption Уч йилча аввал Тунисда жаранглаган бу садолар Миср ва ундан узоқроқда ҳам аксланди.

Бундан уч йил аввал Араб Баҳори Тунисда бўй кўрсатган эди. Баҳор билан аксарият араблар орзую умидларга ғарқ бўлишди. Орадан уч йил ўтди. Нималар ўзгарди? Қайси орзулар амалга ошди?

Тунислик шоир Абдул Қосим Эчебби бир пайтлар мамлакат мадҳиясида шундай сатрларни битган эди.

“Халқнинг яшаш орзусига тақдир ҳам бўйсунажак...”

Уч йилча аввал Тунисда жаранглаган бу садолар Миср ва ундан узоқроқда ҳам аксланди.

Араб Баҳори номи билан турфа воқеалар бирин-кетин сиёсий саҳналарни ислоҳ эта бошлади.

Араб баҳорининг шабадалари ҳамон эсмоқда, аммо Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларида рўй бераётган сиёсий ўзгаришларда ўша “халқнинг орзуси” ва ё “халқ иродаси” аввалда бўлгани каби ҳал қилувчи куч эмас.

Ливиянинг куни бугун турфа ва бир-бирига қарши жангари тўдаларга қолган.

Миср эса демократия томон қадам қўйишга қийналмоқда.

Яман Ал-Қоидага алоқадор бўлган зўравонликлардан безиган.

Суриядаги уруш эса инсоний инқирозни кучайтирмоқда.

Яна бир қиш қаҳратонида эса Туниснинг Ёсуман инқилобининг ширин таъмини тотиш мушкул.

23 йиллик ҳукмдор ана шу Ёсуман Инқилоби туфайли ағдарилган эди.

Бир пайтлар Туниснинг тинч намойишлари учун саҳна бўлган Ҳабиб Борғуба хиёбони бугун симтикан ва ўткир симлар билан тўсиб ташланган.

Ҳеч ким намойишчиларни ҳукуматнинг муҳим бинолари қошида йиғилишини истамайди.

Image caption Араб Баҳори номи билан турфа воқеалар сиёсий саҳналарни ислоҳ эта бошлади.

Ғазабнок оломон

Франса қаҳвахоналари атрофи асосан ишсиз ёшлар билан тўлган.

Совуқ ва ёмғирли бир кунда касаба уюшмаси раҳбарини хотирлаш маросими тезда сиёсий норозиликка айланиб кетади.

Шиорлар кўтарилади. Одамлар “Кет” дея ҳайқира бошлашади.

Бу каби шиорларни улар Президент Бен Али режимига ҳам қарши отишган эди.

Энди эса мўътадил исломчиларнинг қудратдаги Энҳанда фирқасига “кет” демоқдалар.

Энҳанда парламент сайловларида қирқ фоиз овоз олган ва икки дунёвий партия билан ҳукумат тузган эди.

Эндиликда эса бу шундоқ ҳам қалтис иттифоқ қалтис бир паллага кирди.

Ўтиш даври ҳукуматини тузиш ва янги сайловлар ҳақида гап-сўзлар урчимоқда.

Аммо Тунис бу Миср эмас.

Мисрда сайланган Мусулмон Биродарлар ҳукумати ҳам жамоатчилик ва ҳам ҳарбийларнинг босими остида қудратдан олинди.

Тунисда эса улар ҳамон музокаралар даврасида сўзлашмоқда.

Ҳамон тунисчасига чиқиш йўлини қидиришмоқда.

Эски қудрат соҳиблари эса бир четда туришибди.

Улар кетишгани йўқ.

Тунис ҳалигача полиция давлатидир.

Мисрда эса ҳарбийлар қудрат соҳиби саналади.

Яманнинг Абдуллоҳ Солиҳи эса ортиқ мамлакат раҳбари эмас, аммо ҳамон муҳим сиёсий арбоб..

Айрим мамлакаларда эса мулоқот эмас, зўравонлик, ўлим ва ҳалокат устивор...

Аммо ўзгаргани ўн йиллардан бери қулоқни қоматга келтирувчи сукунатнинг йўқлиги...

Бутун минтақа бўйлаб одамлар ўз фикрларини изҳор этишни ўргандилар.

Image caption "Бир нарса аниқ. Ёшлар полициядан қўрқмай қолишди. Президентдан ҳам қўрқишмайди, ҳеч нарсадан қўрқмайдилар”.

Айрим ҳолатларда бу фикр озодлиги учун уларни қамашмоқда...

"Бир нарса аниқ. Ёшлар полициядан қўрқмай қолишди. Президентдан ҳам қўрқишмайди, ҳеч нарсадан қўрқмайдилар”, дейди машҳур тунислик журналист.

2011 йилнинг бошларида биз Ҳабиб Борғуба хиёбони катта саҳнага айланганига гувоҳ бўлдик.

Одамлар бу ерга йиғилишар ва озодлик ҳақида гапиришарди.

Ливияда ўша йил охирларида эса ливияликлар ўз қўшнилари билан очиқроқ мулоқот қила бошладилар.

Полковнинг Қаддофийнинг жосуслари бўлиши мумкин деган ҳадикни улоқтирдилар.

Мисрда эса...”Инсонлар қудрати қудратдаги инсонлардан кўра кучлидир” деган шиорни отдилар.

Ҳеч ким ортиқ Араб баҳори ҳақида гапирмайди

Бу нисбат эскирди.

Аммо аксарият ортга йўл йўқ дейди.

Уч йил аввал Туниснинг Сиди Боузид шаҳрида бозорда сабзавот сотадиган камбағал бир одам ўзига ўт қўйди.

Тарихда Муҳаммад Боазизи ўзига эмас, минтақага “ўт қўйган” шахс ўлароқ таърифланади.

Мен Тунисга йўл олишимдан аввал Яманнинг Нобел мукофоти соҳиби Таваккол Карман билан суҳбатлашдим.

Мақсад минтақадаги тараққиёт масаласини таҳлил қилиш эди.

Албатта, айрим муаммолар ўртага чиқди, аммо ҳали ҳам умид бор...

У мен Энҳанда раҳбари Рашид Ғаннучи билан учрашишимни билар экан, тезда бир қоғозга нимадир ёзиб берди.

Кейинроқ Тунисда Энҳанда раҳбари бу номадан бир жумлани мен билан баҳам кўрди.

“Халқнинг яшаш орзусига тақдир ҳам бўйсунажак...”

Бу мавзуда батафсилроқ