Россия Украина учун газ нархини пасайтирди

Россия Украинага узатадиган газ нархини учдан бир қисмга пасайтирган. Аввал ҳар 1,000 кубметр газга 400 доллар тўланган бўлса, энди бу нарх $268.5га туширилган.

Кремлда ўтган музокаралар чоғи Россия Украинанинг 15 миллиард долларлик қимматбаҳо қоғозларини сотиб олишга ҳам рози бўлган.

Бироқ, Президентлар Владимир Путин ва Виктор Янукович Украинанинг Россия етакчилигидаги Божхона иттифоқига қўшилиши масаласини муҳокама қилишмаган.

Киевда эса, Россия билан муносабатлар чуқурлашаётганига қарши норозиликлар давом этмоқда.

Би-би-сининг Москвадаги мухбири Стив Розенбегга кўра, сўнгги чоралар Украинанинг молиявий муаммоларини юмшатишга қаратилган.

Мухбиримизнинг қўшимча қилишича, раҳбарлар стратегик шериклик мавзусини кўтаришган, иқтисод ва саноат соҳасида ҳамкорлик борасида келишувлар имзолашган.

Жаноб Янукович кутилмаганда Оврўпо Иттифоқи билан алоқаларга оид битимни имзолашдан бош тортгани оммавий норозилик намойишларига туртки берганди.

У ўз қарори Россиянинг оғир босимлари остида олинганини тан олган.

Мазкур намойишлар Украинада 2004 йил амалга оширилган Норинж инқилобидан буён кузатилган энг йирик чиқишлар дейилади.

Намойишчилар жаноб Янукович ва унинг ҳукумати истеъфосини ҳамда шошилинч сайловлар ўтказишни талаб қилишмоқда.

"Кўп асрлик дўстона алоқалар" ва қарзлар

Россиянинг Газпром ва Украинанинг Нафтогаз давлат ширкати 2009 йилги собиқ бош вазир Юлия Тимошенко билан тузилган баҳсли келишув ўрнига янги битим имзолашган.

Украина Россиядан келтириладиган газга қарам ва мамлакат шарқидаги энергетикага катта эҳтиёжи бўлган саноат корхоналари айниқса газ нархларини пастда ушлашни исташади.

Украина мухандислик маҳсулотлари 75 фоизи Россияга экспорт қилинади.

Путин жаноблари Россия ва Украина кўп асрлардан бери дўстона алоқаларда бўлиб келишгани ва узоқ йиллар бир мамлакат таркибида яшашгани ҳақида гапирган.

Аммо, икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми ўтган икки йил асносида тушиб борган: 2012 йил 11%, жорий йил 14.5%га тушган.

Путин жанобларига кўра, бу соҳада нафақат олдинги ҳолатга қайтиш, балки илгарилашга шароит яратиш учун саъй-ҳаракатлар кучайтирилиши лозим.

Янукович жаноблари эса, ўз ўрнида Украина эркин савдо бўйича икки йил муқаддам имзоланган келишувни амалга тадбиқ қилиш учун Россия ва бошқа собиқ Шўро давлатлари билан бирга ишлашини айтган.

Халқаро Валюта Жамғармаси билан кредит олишни қайта йўлга қўйишга оид музокаралар тўхтаб қолиши ортидан Украина иқтисодини ушлаб туриш учун зудлик билан молиявий ёрдамга мухтож.

Айни пайтда Киев ўтган йилги газ учун Россиядан 17 миллиард доллар қарздор.

Икки ўт орасида

Оврўпо Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари Россияни Украина билан ҳамкорлик битими Москва манфаатларига путур етказмаслигига ишонтириш масаласини муҳокама қилишган.

Тарафдорлар Оврўпо Иттифоқи билан яқин алоқалар иқтисодни очиқ, шаффоф ва истиқболли бўлишига кўмаклашиши мумкинлигини айтишади.

Бироқ, ОИ билан ҳамкорлик узоқ муддатли ва қийматли ислоҳотларни талаб қилади ва ҳукумат Россия билан савдо алоқаларга қарам кўплаб бизнеслар тақдирини хатар остига қўя олмаслигини таъкидлайди.

Москва аллақачон Украинага иқтисодий босим ўтказган, жумладан, Украина шаколодларига тақиқ қўйди, бу каби чоралар эса, кучайтирилиши мумкин эди.

Россия тарафи Украина ва Оврўпо Иттифоқи ўртасидаги битим мамлакат иқтисодига путур етказишидан хавотирда.

Расмий Москва Киевни ОИ билан битим имзолаш ўрнига Ягона Божхона иттифоқига қўшилишини истайди.

Россия, Қозоғистон ва Беларус ўртасида амал қиладиган ушбу уюшма иттифоқ ҳудудида ишлаб чиқарилган товарларни эркин олиб ўтилиши ва савдо-сотиқни янада ривожлантиришга қаратилгани айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ