Украина: Виталий Кличко сиёсатни деб боксни тарк этди

Image caption Виталий Кличко ўзининг профессионал рингдаги фаолиятида 47 жанг ўтказиб, 45 тасида ғалаба қозонган.

Профессионал бокснинг нуфузли WBC йўналиши бўйича амалдаги жаҳон чемпиони украиналик Виталий Кличко ўзининг асосий диққатини сиёсатга қаратиш мақсадида спортдан кетишини маълум қилди.

Украина мухолифатининг етакчиларидан бўлган Виталий Кличко мамлакати ҳаётидаги муҳим паллада сиёсат билан шуғулланишини айтди.

"Удар" партиясининг раҳбари Виталий Кличко Украинада давом этаётган оммавий намойишларда муҳим таъсирга эга.

Минглаб овроинтеграция тарафдорлари президент Виктор Януковичдан Россия таклифига биноан Божхона иттифоқига кирмаслик ва барча сиёсий маҳбусларни озод қилишни талаб қилмоқдалар. Украинада ҳукуматга қарши намойишлар тинмаяпти.

Жаҳон бокс кенгаши Кличконинг қарорига ҳурмат билан қарашини айтган. Шу билан бирга Кличкога "фахрий жаҳон чемпиони" мақоми бераркан, хоҳлаган пайтда спортга қайтиши ва чемпионлик камари учун беллашиш ҳуқуқига эга эканлигини маълум қилган.

"WBC ва унинг президенти жаноб Хосе Сулаймонга бизнинг Украина озодлиги ва демократияси учун курашимизни қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорчилик билдираман. Мен учун WBC йўналишида жаҳон чемпионлиги унвонига эга бўлиш улкан шараф. WBC менга яна рингга қайтиш имконини қолдирмоқда. Лекин ҳозирги шароитда буни тасаввур қила олмайман. Мен тўлиқ сиёсатга эътибор қаратмоқчиман ва айнан сиёсатда одамларга кўпроқ кераклигимни тушунаман", дейди Виталий Кличко ўз мурожаатида.

Image caption Украинадаги оммавий намойишлар ортидан Президент Виктор Янукович мухолифат аъзолари билан учрашишига тўғри келди.

Виталий Кличко ўзининг профессионал рингдаги фаолиятида 47 жанг ўтказиб, 45 тасида ғалаба қозонган.

Сентябр ойидаги охирги жанггида олмониялик Мануэл Чаррни енгган эди.

Таниқли боксчи спортдан кетса ҳам аввалгидек жаҳон чемпиони бўлган укаси Владимирни рингда дастаклашни давом эттиришини айтди.

Виталий Кличко октябр ойида 2015 йилги Украинадаги президентлик сайловларида ўз номзодини қўйишини билдирганди.

Намойишлар

Виктор Януковичнинг Оврўпо Иттифоқи билан яқинроқ муносабатларни таъминловчи битимни имзолашдан бош тортиши туфайли норозилик намойишлари келиб чиққанди.

Пойтахт Киевда полициянинг Мустақиллик майдонидан намойишчиларни сиқиб чиқариш ҳаракатлари сабаб юзлаб одамлар полиция билан тўқнашганлар.

Тартибсизликлар орқасидан мухолифат раҳбарлари ва фаоллар ҳукуматни тарқатиш ва Президент Виктор Януковичдан истеъфо беришни талаб қилишган.

"Ҳукумат бизни қўрқитиб, руҳан босим ўтказмоқчи. Биз қанча кўп бўлсак, уларнинг режаси амалга ошмайди", деган Виталий Кличко майдондагиларга.

Намойишларнинг кўлами кенгайиб бориши билан президент Янукович мухолифат билан музокаралар столига ўтиришга мажбур бўлди.

Музокараларда мухолифат вакиллари Виталий Кличко, Арсений Яценюк, Олег Тягнибок, Бош вазир Николай Азаров ҳамда Украинанинг уч собиқ президенти Леонид Кравчук, Леонид Кучма ва Виктор Юшенко қатнашган.

Бироқ мухолифат аъзоларининг билдиришича, учрашув шунчаки расмиятчилик руҳида ўтган, ҳукумат жамоатчилик вакиллари талабларига қулоқ солишига ишониш қийин.

"Биз у ерда фақат шиор ва чақириқларларни эшитдик. Музокарада мухолиф илгари сурган талабларни президент эшитмади. Ҳукуматнинг истеъфоси ҳақида умуман сўз бормади", - деб айтган "Удар" партияси етакчиси Виталий Кличко.

Украина ҳукуматининг Оврўпо Иттифоқи билан келишувни рад қилишига Россия раҳбариятининг босими сабаб бўлгани айтилганди.

Бу мавзуда батафсилроқ