Путин Ходорковскийни авф этмоқчи

Image caption 10 йилдан ортиқ вақтдан бери ҳибсда бўлган Ходорковский узоқ вақт ўзининг бегуноҳлигини таъкидлаб келган

Россия Президенти Владимир Путин тез орада собиқ нефт корчалони Михаил Ходорковскийни авф этиши мумкинлигини айтган.

Жаноб Путиннинг мухбирларга билдиришича, Ходорковский аллақачон авф сўраб мурожаат қилган ва у инсонийлик нуқтаи назаридан бу борадаги фармонга имзо чекишга тайёр.

Аммо, Кремл танқидчилари бундай мурожаат билан чиқилмаганини айтишади.

Кўплар томонидан сиёсий маҳбус деб кўрилувчи Михаил Ходорковский аслида келаси йилнинг августида қамоқдан озод бўлиши керак эди.

50 ёшли Ходорковский ва яна бир айбланувчи Платон Лебедев 2010 йил нефтни ўғирлаш ва ноқонуний пулларни қонунийлаштиришда айбдор топилган. Бунгача улар солиқлардан бўйин товлаш айбловлари билан жазони ўташаётганди.

10 йилдан ортиқ вақтдан бери ҳибсда бўлган Ходорковский узоқ вақт ўзининг бегуноҳлигини таъкидлаб келган.

Оврўпонинг Инсон ҳуқуқлари бўйича маҳкамаси ҳам жаноб Ходорковский устидан ўтган маҳкамаларни танқид қилган, аммо улар сиёсий важларга асосланганига оид даъволарни рад қилган.

Ҳозир касодга учраб, барбод бўлган ЮКОС нефт ширкати раҳбари Михаил Ходорковский бир пайтлар Россиянинг энг бадавлат одами эди.

'Онаси касал'

Москвадаги йиллик матбуот анжуманида гапирган Президент Путин ўтмишда Михаил Ходорковский авф мурожаати билан чиқмаган.

"Ва яқингина у бундай ҳужжатни ёзди ва менга авф сўраб мурожаат қилди", деб айтган жаноб Путин.

Владимир Путинга кўра, Ходорковский онасининг бетоблигини сабаб қилиб кўрсатган.

"Берилган важни назарда тутган ҳолда қарор олишим мумкин ва жуда тез орада уни авф қилиш борасидаги фармон имзоланади", деб айтган Россия президенти.

Кремл матбуот котиби Дмитрий Песковнинг матбуотга айтишича, авф тўғрисидаги аризага шахсан Ходорковский қўл қўйган.

Ходорковскийнинг асосий ҳимоячиси Вадим Клювгант эса, "Риа-Новости" ахборот агентлигига: "У авф сўраб ариза ёзмади ва номидан биров мурожаат қилгани борасида бизда маълумот йўқ", деб айтган.

"Бизда бундай маълумот йўқ, зотан, йиллар давомида унинг авф этилиши сўраб ҳар хил одамлар мурожаат қилишган".

Бу мавзуда батафсилроқ