Фикр: Толибонни нега енгиб бўлмаяпти?

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Кетма-кет эълон қилинаётган яна бир нуфузли сўров натижаси аксарият америкаликлар афғон урушидан ҳеч бир маъни йўқ, деган хулосада эканликларини кўрсатган.

Аммо, шунга қарамай, янги сўровда Америка аҳолисининг 70 фоизга яқини ўз қўшинларининг Афғонистонда қолиши тарафдори эканлар.

Уларга кўра, орадан 12 йил ўтиб ҳам, Афғонистон можароси ҳануз бир ёқли бўлмаган ва шу боис ҳам, ҳарбийларининг у ерда қолганликлари маъқул.

Янги сўров Американинг ABC News телевизион канали ва Washington Post нашрининг буюртмаси асосида ўтказилган.

Яқинда эълон қилинган яна бир сўров натижалари ҳам деярли худди шунга ўхшаш қарашларни ифода этганди.

"Associated Press-GfK" сўровида америкаликларнинг ярмидан кўпроғи 2001 йилги террорчилик ҳужумлари ортидан Афғонистонга кириб, балки "бекор қилганмиз", дейишганди.

Аммо, унда, Америка аҳолисининг ярмидан кўпроғи қўшинларимизни Афғонистондан тезроқ олиб чиқиб кетишса яхши эди, деган фикрни изҳор этишганди.

Ҳар икки сўров натижасига муносабат билдирган сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, "бугун бирор бир эксперт Афғонистон сценарийсининг қайси йўл билан ҳал бўлишини тасаввур қилолмайди".

"Чунки толибларни мафкуравий бир ҳаракат сифатида енгиш, бутунлай йўқотиш қийин. Айни пайтда толибларда сиёсий музокараларга ҳам тактика сифатида қараш мойиллиги жудаям кучли: Яъни улар бундан ҳокимиятга келиш ва ўзининг позициясини мустаҳкамлаш мақсадида фойдаланиши мумкин. Толибларнинг яна бир муаммоси - улар мана шу урушлар натижасида кучли марказлашув имкониятига эга эмас. Уларнинг бошида Мулла Умар тургани билан, лекин у ҳаммасини жамлаб, битта сўз билан барча муаммоларни узил-кесил ҳал қила олмайди. Бунинг устига, Афғонистон жамиятида ҳам ҳозирги ҳокимият, коррупция ва бошқа муаммоларга норозилик сифатида толибларга мойиллик шаклланиб бораётганини ҳам эътироф этиш керак", - дейди таҳлилчи.

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Толибон сўнгги йилларда Афғонистоннинг айнан Марказий Осиё давлатлари билан туташ минтақаларида вазиятни анчайин издан чиқаришга муваффақ бўлган

Ўзбекистонга бевосита қўшни Афғонистон можароси эса, хорижий қўшинларнинг келаси йилги сафарбарлиги арафасида ҳам на-да ҳарбий ва на-да сиёсий ечимини топган.

Худди шу манзарада масъул халқаро ташкилотлар барчасининг бирдек эътироф этишларича, мавҳ бўлишнинг ўрнига, ҳозирга келиб, Афғонистонда Толибон ҳаракати қайта фаоллашган.

Афғонистоннинг айнан Марказий Осиё давлатлари билан туташ минтақаларида вазиятни анчайин издан чиқариш, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати билан қайта бирлашишга муваффақ бўлган.

Сўнгги йилларда мамлакатнинг қолган ҳудудлари қолиб, пойтахт Кобулнинг ўзида қатор йирик худкушлик ҳужумлари уюштиришнинг ҳам уддасидан чиққан.

Худди шу манзарада на-да Ғарб, на-да минтақа давлатлари ва на-да Афғонистон ҳукуматининг ҳаракат билан тинчлик музокаралари олиб бориш уринишлари бирор бир жиддий самара берган.

Шундай экан, бундан кейинги воқеалар ривожини қандай тасаввур этиш мумкин?

"Бирор бир сценарийни ишонч билан айтиш қийин. Мана шу стратегик ноаниқлик, мавҳумлик, ўйлайманки, яқин йиллар ичида сақланиб қолаверади. Лекин 2014 йилнинг охирлари, 2015 йилларга бориб, балким, толибларнинг мавқеи бироз кучайиши мумкин. Чунки шаклланаётган сиёсий-психологик муҳит улар руҳларининг кўтарилишига имконият бериши мумкин. Лекин, айни пайтда, Ғарб Афғонистондан бутунлай чиқиб кетмаётганлиги, аста-секинлик билан Афғонистон ҳарбий, куч ишлатар тизимларининг шаклланиши манзарасида ўртадаги тўқнашувларнинг жадалроқ тусга киришини башорат қилишимиз мумкин", - дейди Би-би-си Ўзбек Хизматининг ушбу саволига жавоб бераркан Франциядан сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов.