Турк вазирларининг ўғилларига айблов эълон қилинди

Image caption Маҳкама олдидан хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Туркияда шу ҳафта бошида порахўрликка алоқадорлик билан ҳибсга олинган икки вазирнинг ўғилларига расман айблов эълон қилинган.

Ички Ишлар вазири Муаммар Гуллер ва Молия вазири Зафар Каглаяннинг ўғиллари катта миқдордаги пора олишда гумон қилинмоқда.

Туркия полицияси Истанбулда коррупцияга боғлиқ жиноий ишни текшириш орқасидан ҳукуматнинг юқори лавозимли кишилари ўғиллари дохил 22 кишини ушлаган эди.

Қўлга олинганлар орасида Атроф муҳит ва шаҳар қурилиши ишлари бўйича вазирнинг ўғли ҳам бор. Унга ҳозирча қандай айблов илгари сурилгани маълум эмас.

Мамлакатдаги шов-шувли ҳибсга олишлардан кейин матбуотга гапирган жаноб Эрдўғон порахўрликка тоқат қилинмаслигини айтган эди.

Истанбул ва Анқарада амалга оширилган ҳибслар Туркия сиёсий элитасини шошириб қўйди.

Жами 52 киши ҳибсга олинишидан бир кун ўтиб, беш нафар полиция бошлиғи ҳам ушланди.

Полиция бошлиқлари Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг собиқ иттифоқчиси Фатҳулла Гулен билан тил бириктиришда айбланиб қўлга олинган.

АҚШда қувғинда яшаётган таниқли ислом уламоси Фатҳулла Гулен бошқарувдаги партиянинг 2002 йил сайловларида ғалаба қозонишига таъсири катта бўлган.

Жаноб Гулен тарафдорлари полиция ва махсус хизмат, маҳкама тизими ва қудратдаги партия сафларида нуфузли мавқени эгаллаб келиши айтилади.

Охирги вақтда бир пайтлар мустаҳкам ҳисобланган иттифоққа дарз кета бошлагани сезилди. Ҳукумат хусусий мактаблар, жумладан Гуленнинг "Хизмат" ҳаракатига қарашли мактабларни ҳам ёпишни муҳокама қила бошлади.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, бош вазир атрофидаги кишиларга бевосита алоқадор бу қадар кенг миқёсдаги жанжалли воқеа шу вақтгача ҳали кузатилмаганди .

17 декабрда молиявий жиноятларга қарши бошқарма томонидан ўтказилган "Катта пора" амалиёти мамлакат ҳукуматига ҳам кутилмаган бўлди.

Бош вазир Эрдўғон сайловларга тўрт ой қолганда бошқарувдаги партиянинг парчалашга қаратилган ҳар қандай "таҳдид" ва "жирканч иттифоқ"ларга бўйсунмасликка ваъда берган.

"Ҳеч ким хориждан туриб мамлакатимизни қўлга олиши ва ҳаракатланиши мумкин эмас", деб айтган у Конядаги чиқишида.

Ҳибслар ортидан шунингдек катта шаҳарларда, жумладан Истанбулда хавфсизлик бош бошқармасида 14 юқори лавозимдаги кишилар ишдан олинган.

Туркиядаги кўпчилик таҳлилчилар Бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўғон ва таниқли уламо Фатҳулла Гулен ўртасидаги келишмовчиликлар унга яқин кишиларнинг ҳибсга олинишига сабаб бўлаяпти, деган фикрдалар.

Жаноб Гулен АҚШда яшаса ҳам, Туркиядаги сиёсий вазиятга етарли таъсир кўрсатиб келади.

Тадбиркорлардан бири Ҳасан Раҳвалийнинг айтишича, полиция таниқли тужжорлар ва сиёсатчилар орасида порахўрлик ишини ўрганмоқда, лекин уларнинг жиноятчилигини исботлайдиган далил топа олгани йўқ.

Бу мавзуда батафсилроқ