Туркияда ҳукуматнинг ярми ўзгарди

Image caption Жаноб Эрдўғон коррупция текширувларини ўз ҳукуматига қарши фитна, деб тасвирлаган

Туркия Бош вазири Ражаб Тоййиб Эрдўғон ҳукумат таркибида йирик ўзгаришларни эълон қилган.

Ўзгаришлар уч нафар вазирнинг коррупция текширувлари боис истеъфо бериши ортидан юз бермоқда.

Жаноб Эрдўғон Президент Абдуллоҳ Гул билан музокаралар ортидан ҳукуматга 10 нафар янги вазир тайинлаган.

Истеъфо берганлардан бири - Атроф-муҳит вазири Эрдўғон Байроқдор Бош вазирнинг ўзини ҳам истеъфо беришга чақирган.

Туркия полицияси Эронга ноқонуний пул ўтказиш амалиёти ва қурилиш лойиҳаларидаги порахўрлик иддаоларини текширмоқда.

Жаноб Байроқдор билан бирга Иқтисод вазири Зафар Чағлайан ва Ички ишлар вазири Муаммар Гулер ўғилларининг ҳибсга олиниши ортидан истеъфо беришган.

Улар ўғиллари ва ўзларининг айбсиз эканликларини айтишади.

Истанбулда намойишчилар ҳукуматдаги коррупцияга қарши кўча юриши ўтказишган.

Чоршанба куни кечқурун полиция ва намойишчилар орасида тўқнашувлар юз бергани ҳақида хабарлар олинган.

'Ҳокимият учун кураш'

Шарҳловчилар сиёсий можаро ортида Эрдўғон ҳукумати билан АҚШда яшаётган исломий уламо Фатҳуллоҳ Гулен ўртасидаги ҳокимият учун кураш турганига ишонишади.

"Нурчилар" номи билан ҳам билинган "Хизмат" ҳаракати раҳбари Гулен турк полиция ва адлия тизимида кўплаб тарафдорларга эга экани айтилади.

Image caption Фатҳуллоҳ Гулен Эрдўғоннинг собиқ иттифоқчисидир

Жамоат тарафдорлари уни "Исломнинг замонавий юзи" деб тақдим этадилар, аммо танқидчилар ҳаракатнинг асл мақсадларини савол остига олишади.

Жаноб Гулен 1999 йилда ўша пайтдаги ҳукумат томонидан исломий давлат қуриш ҳаракатларида айбланиши ортидан Туркияни тарк этган.

У кейинроқ маҳкама томонидан оқланишига қарамай, Туркияга қайтмаган ва ҳозирда АҚШнинг Пенсилвания шаҳрида яшайди.

Гулен коррупция текширувларига алоқаси борлигини рад этган.

Ҳукумат Гуленга алоқаси бор, деб ишонган ўнлаб полиция зобитларини ишдан бўшатган.

Туфли қутисидаги миллионлар

Порахўрликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган 24 киши орасида икки вазирнинг ўғиллари билан бирга давлатга тегишли Халқбанк раиси ҳам бор.

Атроф-муҳит вазири Байроқдорнинг ўғли ҳибсга олиниб, кейинроқ қўйиб юборилган.

Матбуот хабарларига кўра, полиция банк раисининг уйидан туфли қутиларига яширилган 4 ярим миллион АҚШ долларини топган.

Ички ишлар вазири Муаммар Гулернинг ўғли Баришнинг уйидан эса 1 миллион доллардан кўпроқ нақд пул топилган.

Бош вазир Эрдўғон полиция текширувларини "жирканч ўйин" деб тасвирлаган.

У текширувлар март ойидаги маҳаллий сайловлар олдидан хориж ва Туркия ичкарисидаги гуруҳларнинг фитнаси эканлигини даъво қилган.

Бу мавзуда батафсилроқ