Туркия бош вазири истеъфога чиқиш ниятида эмас

  • 28 Декабр 2013
Image caption Истанбулда полиция намойишчиларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газни ишга солган

Туркияда уч давлат вазирини ўз вазифасидан кетишга мажбурлаган коррупция айбловлари кучаяр экан бош вазир Ражаб Тойиб Эрдўған истеъфога чиқмаслигини айтди.

Ўтган ҳафта пора олиш ёки воситачилик қилиш айбловлари билан ҳибсга олинган 24 шахс орасида истеъфога чиққан вазирларнинг фарзандлари ҳам бор.

Туркияда давлат тўнтариши ҳақида гап-сўзлар кўпайиши ортидан мамлакат армияси баёнот тарқатиб, сиёсий жанжалларга аралашиш истаги йўқлигини билдирди.

Жума куни полиция Истанбулнинг Тақсим майдонига тўпланган намойишчиларни тарқатиб юбориш учун кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқларини ишлатди.

Намойишлар пойтахт Анқара ва Туркиянинг учинчи йирик шаҳри - Измирда ҳам бўлиб ўтди.

"Ўғрини ушла" деган шиорларни кўтариб чиққан намойишчилар жаноб Эрдўған истеъфосини талаб қилдилар.

Полиция Эронга ноқонуний пул ўтказиш ва қурилиш лойиҳалари учун пора олиш айбловларини текширмоқда.

Жанжал турк лирасининг долларга нисбатан қадрсизланишига олиб келган.

'Туҳмат кампанияси'

Жума куни Истанбулнинг асосий аэропорти ташқарисида бўлиб ўтган намойишда жаноб Эрдўған 11 йиллик иқтидори давомида ҳукумати дуч келган энг йирик муаммони бартараф этиш учун охирига қадар курашишга ваъда берди.

У коррупция юзасидан бошлатилган текширувларни "туҳмат кампанияси" дея атади ва минглаб тарафдорларини келгуси ой бўлиб ўтажак маҳаллий сайловларда унинг партиясига овоз беришга чақирди.

"Коррупция айбловлари дея қичқираётганларнинг ўзи корруция ботқоғига ботган," - дедр Ражаб Тойиб Эрдўған.

Туркия тарихида ҳарбий тўнтаришлар бир неча бор юз берган, бироқ жаноб Эрдўған иқтидорга келгач ҳарбийлар кучсизлантирилди.

Мамлакатнинг юқори маъмурий маҳкамаси ўтган ҳафта полицияни тергов бошлашдан олдин бу ҳақда раҳбарларни хабардор этишга вазифалантирувчи ҳукумат қарорига тўсиқ қўйди.

10 кун муқаддам амалга оширилган ҳибсга олишлар ортидан қатор полиция ва адлий мулозимлар ўз вазифалариндан бўшатилди.

Чоршанба куни жаноб Эрдўҳан президент Абдуллоҳ Гул билан музокаралар ортидан 10 та янги вазир номини эълон қилди.

Туркиядаги таҳлилчиларнинг ишонишича, жанжал жаноб Эрдўған ҳукумати ва АҚШда жойлашган нуфузли мусулмон уламоси Фатҳуллоҳ Гулен ўртасидаги қудрат талашидан келиб чиққан.

Туркия полицияси ва адлий тизимида Фатҳуллоҳ Гуленнинг кўплаб тарафдорлари борлиги айтилади.

Жаноб Гулен тарафдорлари унинг "Хизмат" ҳаракати Исломнинг мўътадил оқими эканини айтишади, бироқ танқидчилар бу ҳаракат асл мақсадларини савол остига олишади.

Бу мавзуда батафсилроқ