Россия поезд бекатида портлаш

Россия жанубидаги Волгоград шаҳрида жойлашган поезд бекатида юз берган портлашда 15 киши нобуд бўлгани хабар қилинмоқда.

Расмийлардан бирининг айтишича, маҳаллий вақт билан 12:45 лар атрофида юз берган ҳодисада ўнлаб инсон тан жароҳати олган.

Ҳодисага террорчилик амали сифатида қаралмоқда.

Россия террорга қарши кураш қўмитасига кўра, бу худкушлик ҳужуми бўлиши мумкин. Ҳужумчи аёл киши бўлгани тахмин қилинади.

Ўтган октябр ойида ҳам шаҳардаги автобуслардан бирига қилинган худкушлик ҳужумида камида 6 одам ўлдирилганди. Ўшанда ҳам ҳужум аёл киши тарафидан амалга оширилгани айтилган.

Яқин йилларда Шимолий Қофқоз минтақасида Исломий исёнкорлар кўплаб ҳужумларни амалга оширишган.

Исёнкорлар Россиянинг йирик шаҳарларини ҳам нишонга олишган.

Волгоград Москва жанубидан 900 чақирим, Шимолий Қофқоз шимолидан 650 километр узоқда жойлашган.

Россия ҳукумати жангари гуруҳлар 2014 йил 7 феврал куни Сочи шаҳрида бошланадиган Қишки Олимпиада Ўйинлари олди зўравонликларни кучайтиришлари эҳтимолидан хавотирдалар.

Бирон бир гуруҳ якшанба кунги портлаш масъулиятини зиммасига олмаган.

Июл ойи чечен исёнкорлари лидери Доку Умаров онлайн орқали тарқатилган видеоёзувда жангариларга мурожаат қилиб, ўйинларни тўхтатиш учун "бор куч"ларини қўллашга чақирганди.

Волгоград Сочи шимоли-шарқидан 690 чақирим узоқликда жойлашган.