Шифокорлар: Шумахер ҳаёт учун курашмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Михаэл Шумахер йиқилган пайти трассадан ташқарида учаётган бўлган

Франциянинг Мерибел қишки оромгоҳида тошга боши билан урилиб, қулаб тушган машҳур автопойгачи Михаэл Шумахернинг аҳволи ҳануз жиддий экани айтилмоқда.

Душанба куни эрталаб матбуот анжуманида даволовчи шифокорлар Шумахернинг бош суяк ва миясидан оғир жароҳат олгани ва ҳозирда сунъий кома ҳолатида эканини айтишган.

Греноблдаги шифохонага якшанба куни кечқурун олиб келинган 44 ёшли Шумахернинг бош суяги ичидаги босимни пасайтириш мақсадида шошилинч жарроҳлик амалиёти ўтказилган.

Шифохонага олиб келинган вақти у ҳушсиз бўлган.

Шифокорлар ҳозирча автопойгачининг соғлиги юзасидан ҳеч қандай башорат қилолмасликларини айтишмоқда.

"Ҳозирча фақат кутиб туришимиз керак", -деган шифокорлардан бири.

Спортчининг оила-аъзолари шифохонада доимий қолишаётгани айтилади.

Хабар қилинишича, олмон пойгачисини даволаётган врач Шумахернинг дўсти ва Франциянинг энг кўзга кўринган нейрожарроҳи ҳисобланади.

Шумахер Мерибелдаги оромгоҳда 14 ёшли ўғли ва яна бир неча киши ҳамроҳлигида чанғида учаётган бўлган.

Оромгоҳ маъмуриятига кўра, қулаб тушган вақти пойгачи трассадан ташқарида бўлган.

Фақат жуда ҳам тажрибали чанғичиларгина шундай учишади.

Путруллардан бири қулаб тушган Шумахерни кўриб қолган ва зудлик билан вертолётда эвакуация қилишни талаб қилган.

Спортчи аввалига яқиндаги Мутье шаҳар шифохонасига олиб келинган, кейин эса Греноблга кўчирилган.

Оромгоҳ директори Кристоф Жерниньон-Лекомт Шумахер йиқилган алфозда топилгнан пайти "ҳушида бўлгани"ни айтган.

Унга кўра, боши билан тошга урилган пайтда спортчининг бошида темир қалпоғи бўлган.