Россиянинг Волгоград шаҳрида яна бир портлаш

  • 30 Декабр 2013

Россиянинг Волгоград шаҳридаги троллейбус портлаши натижасида камида 15 одам ҳалок бўлгани ва 23 йўловчи жароҳатлангани айтилмоқда. Расмийлар портлашни худкушлик амалиёти эканлигини билдиришган. Бу бир сутканинг ичида Волгограддаги иккинчи йирик портлашдир

Портлаш шу даражада қаттиқ бўлганки, троллейбуснинг фақатгина металл қобирғалари қолган. ИИВ берган маълумотларга кўра, троллейбус бекатига яқин уйлардаги деразалар портлаш зарбидан синган.

Россия тергов қўмитаси ҳодисани террорчилик амали дея баҳолаган ва жиноий иш очган.

Айрим хабарларга кўра портлаш натижасида 23 киши шифохонага ётқизилган. Жабрланганлар орасида бир ёшли гўдак ҳам борлиги айтилмоқда.

Маҳаллий телеканалга гапирган аёлнинг айтишича, кўчадан кетаркан аввалига мушак портлашига ўхшаган овоз эшитган. Аммо яқинлашгач портлаш эканлигини кўрган. Бироқ портлаган нарса бузилиб кетганидан унинг троллейбус эканлигини билиб бўлмаган.

Ҳодиса жойи хавфсизлик кучлари томонидан ўраб олинган. Фавқулотда хизмат ходимлари воқеа жойига етиб келган.

Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган расмларда куйиб темирга айланган троллейбус ва атрофга сочилган таналар акс этган.

Бир кун олдин темир йўл вокзалида рўй берган портлашда камида 17 одамнинг нобуд бўлгани хабар қилинганди.

Россия бўйлаб темир йўл вокзаллари ва аэропортларда ҳавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Расмийлар 2014 йилнинг бошида Сочида бўлиб ўтадиган қишки Олимпиада ўйинлари арафасида жангарилар зўравонликларни кучайтираётганидан хавотир билдирган.

Олимпиада ўйинлари Россиянинг барқарор бўлмаган Қофқоз бўлгасига яқин жойда бўлиб ўтади.

Волгоград Москванинг 900 чақирим жанубида, Шимолий Қофқознинг 650 чақирим шимолида ва Сочининг 700 чақирим шимолий шарқида жойлашган.

Бу мавзуда батафсилроқ