Туркия: "Порахўрликка оид жанжал мамлакатга 100 миллиард доллар зарар етказди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи n

Туркия Бош вазир ўринбосари Булент Аринчнинг матбуотга билдиришича, ҳукуматнинг қарийб ярмини ишдан кетишига олиб келган коррупцион жанжал мамлакат иқтисодига 100 миллиард зиён етказган.

"Биз 100 миллиарддан ошадиган зарар ҳақида гапиряпмиз. Жанжалнинг ўзи Туркиянинг обрўйига путур етказишга қаратилган бузғунчилик, Адолат ва Тараққиёт партиясига қарши "руҳий ҳужум"дир", деб айтган Булент Аринч.

Жаноб Аринч Туркиядаги терговнинг махфий маълумотларини тарқатиб, "бўшлиқ"ни келтириб чиқаришга уринган ҳакам ва прокурорларга нисбатан албатта чора кўрилишини билдирган "Ҳуррият" рўзномасига.

Бундан олдин айнан шу газетда прокурор Муаммар Оқтош ҳукумат ўзига 100 миллиард долларга баҳоланган коррупцион амалиётни ўтказишга рухсат бермаганини танқид қилиб чиққан.

Бунга жавобан Бош вазир Эрдўғон прокурорни "суд тизимидаги қора қўй", деб атаб, уни жиноятга шерикликда айблаганди.

Туркиядаги бир қанча вазирларни истеъфосига сабаб бўлган жанжал 17 декабрда юқори лавозимли кишилар ва бизнесменлар дохил 52 кишини ҳибсга олиш билан бошланди.

Ҳибсга олинганлар орасида уч вазир- Молия, Ички Ишлар ва Экология вазирининг қурилиш шартномалари учун пора олишда айбланган ўғиллари бўлиб, улар кейинроқ қўйиб юборилган.

Шундан сўнг текширувларга алоқадор полициянинг нуфузли 30 амалдори ишдан бўшатилди. 25 декабрда эса вазирлар Эрдўғон Байроқтор, Зафер Чағлаян ва Муаммар Гулен истеъфо беришган.

Ражаб Тойиб Эрдўғон жами 10 вазирни алмаштирди.

Бу жанжаллар манзарасида ҳукуматнинг истеъфосини талаб қилган норозилик намойишларини полиция кўздан ёш оқизувчи газ қўллаб тарқатган.