Владимир Путин портлашлардан кейин Волгоград шаҳрига борди

  • 1 Январ 2014
  • изоҳлар
Image copyright Reuters

Россия президенти икки худкушлик ҳужуми 34 инсоннинг умрига зомин бўлган Волгоград шаҳрига борган.

Жаноб Путин ҳужумларни жирканч деб тасвирлаган ва тинч фуқароларга қарши жиноятларни оқлаб бўлмаслигини айтган.

Портлашлар февралда Сочида ўтадиган қишки олимпиада ўйинлари арафасида янги ҳужумлар борасидаги хавотирларни пайдо қилган.

Эрта тонгда Волгоградга етиб борган Путин троллейбус портлаган жойга қурбонлар хотирасига гул қўйган ва касалхонада жароҳатланганлар билан учрашган.

- Волгоградда содир этилган жиноятнинг жирканчлиги ҳақида ортиқча изоҳ шарт эмас,-деган у хавфсизлик кучлари билан йиғилишда.- Жиноятчиларга раҳм-шафқат қилинмайди. Бу оддий фуқароларга, айниса аёллар ва болаларга қарши жиноятни ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди", деб айтган Путин.

Россия Президенти ҳалок бўлганларнинг оиласига ва ярадорларга қандай кўмак берилаётгани билан қизиққан.

Шунингдек Федерал Хавфсизлик Бошқармаси раҳбари Александр Бортников ва Ички Ишлар вазири Владимир Колоколцев Путинга хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида алоҳида ҳисоб беришгани хабар қилинади.

Image copyright Reuters
Image caption Портлаш шу даражада қаттиқ бўлганки, троллейбуснинг фақатгина металл қобирғалари қолган.

Портлашлар

Ўтган ҳафтада Россиянинг Волгоград шаҳридаги троллейбус портлаши натижасида камида 15 одам ҳалок бўлган ва 23 йўловчи жароҳатланган. Расмийлар портлашни худкушлик амалиёти эканлигини билдиришган. Бу бир сутканинг ичида Волгограддаги иккинчи йирик портлаш бўлган.

Портлаш шу даражада қаттиқ бўлганки, троллейбуснинг фақатгина металл қобирғалари қолган. ИИВ берган маълумотларга кўра, троллейбус бекатига яқин уйлардаги деразалар портлаш зарбидан синган.

Бир кун олдин темир йўл вокзалида рўй берган портлашда камида 17 одамнинг нобуд бўлган.

Би-би-си суҳбатлашган таҳлилчилар Волгограддаги кетма-кет теракт ҳодисалар яқинлашаётган Сочи Қишки ўйинларига боғлиқлигини инкор этишмаган.

Улар Волгограддаги ҳужумларнинг мақсади эътиборни чалғитиш бўлиши мумкинлиги ва ҳужумлар орқасида "Қовқоз Амирлиги" ташкилотининг етакчиси Доку Умаров турганлигига шубҳа қилмасликларини айтишган.

Июл ойида интернетда чиққан видеолавҳада чечен жангариларининг бошлиғи Доку Умаров Сочи Олимпиадасини ўтказмасликка чақириғи чиққан эди.

Доку Умаров мурожаатидан сўнг Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров уни "ўлик инсон"га ўхшатиб, таҳдидлари асоссизлигини таъкидлаган.

Волгограддаги портлашдан бир неча кун олдин эса, YouTube видео тармоғида чиққан лавҳада Шимолий Қовқоз исёнчиларига ишлайдиган хакерлар Россия ҳукумати ва Сочи Олимпиадасининг "барча тарафдорлари"га қарши кенг миқёсдаги кибер уруш бошланишини ваъда қилганлар.

Ўзини "Anonymous Кавказ" деб атайдиган "Қовқоз амирлиги"нинг электрон портали курашни 150 йил олдин геноциддан азоб чеккан "черкеслар ерида" ўтказишини маълум қилади.

Олимпиада ўйинлари Россиянинг барқарор бўлмаган Қофқоз бўлгасига яқин жойда бўлиб ўтади.

Волгоград Москванинг 900 чақирим жанубида, Шимолий Қофқознинг 650 чақирим шимолида ва Сочининг 700 чақирим шимолий шарқида жойлашган.