Нега минглаб афғонлар 1 январда туғилишади?

Январ ойининг 1 санаси Афғонистонда Янги Йилнинг илк куни сифатида байрам қилинмайди. Аммо Американинг ишғоли ортидан, 1 январ минглаб афғонларнинг туғилган кунларига айланибди.

Қизиқ, нега, дейдиган бўлсангиз, Америкада чоп этилувчи нуфузли “Washington Post” газетасидаги мақола бунга бир жавоб каби.

Унда ёзилишича, сўнгги ўн йилликларда кечган урушлар сабаб, Афғонистонда туғилиш ҳолларини расман қайд этувчи тизим амалда бўлмаган.

Деярли ҳеч ким шахсингизни тасдиқловчи ҳужжат ёки ҳайдовчилик гувоҳномангизни сўраб ўтирмагани учун ота-оналари ҳам болаларининг аниқ туғилган санасини расмийлаштириш ҳақида қайғуриб ўтиришмаган.

Агар, бирор бир расмий ҳужжат учун керак бўлиб қолса, масъуллар Исломий тақвим бўйича шунга яқин бир кунни ёзиб қўйишни одат қилишган.

Аммо Америка ва Нато бошчилигидаги иттифоқ кучларининг 2001 йилги ташрифи ортидан, буларнинг барчаси ўзгаришга юз тутади.

Улар ўзлари билан янги иш ўринлари, виза тартиби ва замонавий веб саҳифалардан фойдаланиш имкониятини келтиришадики, буларнинг барчаси сиздан Григорий тақвими бўйича туғилган кунингизни кўрсатиб қўйишингизни талаб қилади.

Агар, ҳозир америкалик ҳарбийларга таржимонлик қилувчи Тариқнинг сўзларига қаралса, туғилган санасини аниқ билмаган кимики бор, 1 январни таваллуд куни қилиб танлаб олаверган.

Унинг айтишича, ўзи ҳам эслаб қолиши осон бўлгани учун ҳам, аввалига иш сўраб ёзган аризаси, кейин виза ҳужжатларига ҳам шу санани ёзиб қўяверган.

Ҳалиям толиблардан қўрққани учун ўз шарифини келтирмасликни сўраган Тариқ Афғонистон сўнгги фуқаролар уруши гирдобида бўлган 90-йиллар бошида дунёга келганим учун, аниқ қачон туғилганимни билмайман, дейди.

Бошқа бир сабаб эса...

Сўнгги йилларда Афғонистонда интернет, 3G мобил тармоқлари кенгайиб бораркан, мамлакатнинг йирик шаҳарларида уларнинг рекламаси ҳам кучайган.

Бунинг оқибатида шаҳарлик ёшлар жадаллик билан Facebook, Twitter ва Gmail каби турли мулоқот тармоқларига танда қўйишаркан, яна туғилган куни масаласи кун тартибига чиққан. Чунки бусиз ўз ҳисобингизни очиш имконсиз.

Ёш афғонлар бир-бирларига табрик муждасини йўллашар экан, рақамли тизим асрида оммавий туғилган кунлар, ҳатто, ҳазилга ўхшаш бир нарсага ҳам айланибди.

Дейлик, Австралиядан афғонистонлик қочқин Барат Али Ботир ўзининг Facebook даги саҳифасида “1 январ куни таваллуд топган 30 та дўстимга туғилган кунлари муборак бўлсин”, - деб ёзиб қолдирган.

Лондонда яшовчи афғонистонлик Муҳаммад Ҳасанзай эса, душанба куни “Икки кундан кейин барча афғонларнинг туғилган кунлари”, - дея ҳазиломуз твит қилган.

Айримлар, ҳатто, ҳозирга келиб ҳам, Афғонистонда туғилиш ҳоллари расман қайд этилмаслигидан хавотирдалар.

Уларга кўра, бу каби ҳолат, айниқса, мамлакатнинг аксарият аҳолиси яшовчи қишлоқ ҳудудларида жиддий оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотига кўра, “боланинг ҳақиқатан ҳам мавжудлигини тасдиқловчи расмий “исбот” бўлгани учун ҳам, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома қолган инсоний ҳуқуқларнинг кафолатини таъминловчи муҳим воситадир”.

Афғонистон эса, катта сондаги болалар “расман мавжуд” бўлмаган дунёдаги 10 та давлатдан бири саналади.

Туғилган кун нима учун керак?

Туғилиш ҳолларининг расман қайд этилиши, ўз ўрнида, қуролли можаролар ёки табиий офатлардан сўнг, оилаларни бирлаштириш, болаларнинг қочқинлик мақоми олишларини енгиллаштиришда муҳим омил саналади.

Устига устак, расман рўйхатга олинмаган бир шароитда, мамлакат аҳолисининг тахминий сонини ҳисоблаб чиқишда қўл келади.

Бирлашган Миллатлар ҳисоботида айтилишича, “Афғонистоннинг миллий қонунчилигида тақазо этилса ҳам, чорак асрлик урушлар унинг амалий бўлишини таъминловчи барча маъмурий ва ижтимоий механизмларини барбод қилган”.

Аммо Афғонистон фуқаролари 1 январни туғилган кун сифатида танлаётган урушлар гирдобидаги ягона давлат эмас.

Дейлик, ўз вақтида Вьетнамда ҳам худди шундай ҳолат кузатилган. Бугун Сомали ва Судан фуқаролари ҳам туғилган кунлари сифатида 1 январни маъқул кўришмоқда, деб ёзилади мақолада.

Дейлик, муаллифларга кўра, виза ёки қочқинлик мақоми сўраб, мурожаат қилаётган минглаб инсонлар ўз хоҳишлари билан ёки айрим ҳолларда АҚШ Давлат департаментининг кўмаги билан шундай танловга келишаркан.