'Шахмат Гулаг маҳбусини ақлдан озишдан асраганди'

  • 3 Январ 2014

Девид Эдмондснинг ёзишича, шахмат россиялик инсон ҳуқуқлари фаоли Натан Щаранскийни қамоқхонада ақлдан озишидан сақлаб қолган.

"Безовта қилманг, мен шахмат ўйнаяпман".

Қамоқхона нозирлари бунга Натан Щаранский жинни бўлаётган ёки аллақачон ақлдан озганига мустаҳкам далил сифатида қарашган.

Чунки, унинг ҳибсдаги ҳужрасида шахмат тахтаси ёки доналари у ёқда турсин, на ётоқ, на стул ва на стол бор эди. Аммо, уни ақлдан озишдан сақлаб қолган нарса бу - шахмат экани ҳақиқат.

Шаранский ўша пайтда яҳудийларнинг Исроилга кўчиш ҳуқуқлари учун кампания олиб борганди. 1977 йил унинг бўйнига америкаликлар фойдасига жосуслик қилишга оид тўқима айблов қўйилди.

Бунинг ортидан эса, Натан Щаранский умрининг 9 йилини Сибирдаги қамоқхонада ўтказди.

Жазо муддатининг ярми бир кишилик камерада, 400 куни жазо ҳужрасида ўтди. Унга қарийб овқат берилмас, кийимлари шу қадар юпқа эдики, қишда бу қийноқнинг бир усулига айланарди.

Натан Щаранский болалигидан шахматга иқтидорли эди. 14 ёшида у ўзи туғилиб ўсган Украинанинг Донецк шаҳри чемпиони бўлганди.

Натан тахтага қарамай туриб, миясида бир вақтнинг ўзида бир неча ўйинни ўйнай оларди. У ҳар доим бунга ярқироқ, аммо фойдасиз маҳорат сифатида қарарди.

"Бироқ, қамоқда бу менга нима учун кераклиги аниқ бўлди", дея хотирлайди у.

Бўм-бўш, музхонага ўхшаш жазо ҳужрасида сўзлашишга кимса йўқ, унинг ўқиши ва ёзиши тақиқланганди. Аммо, у миясида шахмат ўйнарди, албатта, у ҳар икки томонни - оқ доналарни ҳам, қораларни ҳам ўз юрарди: "Минглаб ўйинлар ва мен барчасида ютардим".

Стефан Цвейгнинг шахмат ҳақидаги "Шоҳона ўйин" асари асосий қаҳрамони Доктор Бнинг тақдири эса, ўзгача якун топади.

Щаранский Исроилдаги мусобоқалардан бирида

У ҳам Щаранский каби маҳбус, худди унингдек, барча вақтини шахмат ўйнаш билан ўтказади. Бироқ, Щаранскийдан фарқли ўлароқ у алал-оқибат ақлдан озади. Цвейгнинг романида шахматга ҳаддан ортиқ муккасидан кетган ўйинчининг кенг тасаввур қилинган образи гавдалантирилган.

"Шахмат ўйинчисининг ғайриоддий бўлишида ҳеч қандай ноодатийлик йўқ. Бу одатий ҳол", деганди яна бир шахмат ҳақидаги роман - "Лужин ҳимояси" муаллифи Владимир Набоков.

Бундай кўр-кўрона қараш кўпда шахмат мастерлари элитаси хулқ-атворидан келиб чиққан. Қўшма Штатлардан яшаб ўтган икки машҳур шахматчини бунга мисол қилиб келтириш мумкин.

19 асрда яшаб ўтган Пол Морфий ҳам, 20 асрда донғи чиққан Бобби Фишер ҳам одамови ва паранойя касалига йўлиқишганди.

Хуллас, агар шахмат баъзи одамларни ақлдан оздирган бўлса, ҳайратланарли ҳисобланмайди.

"Шахмат одамларни ақлдан оздирмайди, у ақлдан озганларни соғ ушлаб туради"

Шахмат кучли диққатни талаб қилади, машаққатли ақлий меҳнат, ҳар бир юришдан кейин соатлаб давом этадиган фикрлаш - яқин, узоқ, чегарасиз эҳтимолларни кўришга уриниш, буларнинг ҳаммаси жонсараклик аломатларини келтириб чиқариши кутилади.

Аслида шуниси қизиқки, айрим шахматчилар бошқалардан фарқ қилувчи ва руҳий ўзгача атворда бўладилар, аммо аксарият рационал ва ҳис туйғулари жиловланган ҳолда қолади.

Халқаро мастерлардан бири Билл Ҳартстон бир пайтлар шахмат одамларни ақлдан оздирмайди, у ақлдан озганларни соғ ушлаб туради, деган гапни айтганди.

Аммо, Щаранский мисолида шахмат соғ одамни жинни бўлиб қолишдан асраганди.

У узоқ йиллик қамоқ даврини эсларкан: "КГБ мени ўзимни борган сари руҳан кучсиз ҳис қила бошлашимга умид қилди. Аксинча, мен ўзимни борган сари кучлироқ ҳис қилардим".

Алал-оқибат у Исроилга бориб, сиёсатга кираркан, қатор масалаларда мунозарали, тажоввузкор позицияларда туришига тўғри келди ва бош вазир ўринбосари лавозимига қадар чиқа олди.

1986 йил унинг қамоқдан озод қилиниши эса, Совуқ Урушнинг энг эсда қоларли лаҳзалари бўлди.

Ҳодиса февралнинг қаҳратон кунларидан бирида Берлиндаги Шарқ ва Ғарбни ажратиб турувчи Глиникский кўпригида юз берди. Икки шўро жосусига алмаштирилган Шаранскийга кўприкдан тўғри кесиб ўтиш буюрилди. Бу хато эди.

Агар Щаранскийдан талончи-қаллобдек ҳаракатланишни талаб қилсангиз, у ўзини руҳоний ёки рицардек тутади.

Щаранскийдан кўприкни тўғри кесиб ўтиш буйруғига итоатсизлик билан зиг-заг юриш қилганди.