Ривожланаётган давлатларда ортиқча вазнлилар сони қарийб 1 миллиардга етди

  • 3 Январ 2014

Британияда чиққан ҳисоботга кўра, ривожланаётган давлатлардаги катта ёшлилар орасида оғир вазнлик ва ҳаддан зиёд семизлик ҳоллари 1980 йилдан бери тўрт бараварга ошган.

Хорижий Тараққиёт Институтига кўра, бугун ҳар 3 кишидан бири ортиқча вазнлидир.

Институт ҳукуматларни тўғри овқатланишни тарғиб қилишга ундамоқда.

Буюк Британиянинг ўзида 64 фоиз катта ёшлилар ортиқча вазнли ёки семизлар сирасига кирар экан.

Шунингдек, ҳисоботда юрак-қон томир хасталиклари, юрак хуружлари ва қандли диабет ҳоллари "кенг кўламда ортиши" башорат қилинади.

Глобал миқёсда 1980 ва 2008 йиллар ўртасида семизлик категориясига кирувчи инсонлар сони фоиз ҳисобида 23% дан 34% га кўтарилган.

Энг кўп ўсиш ривожланаётган давлатларда кузатилган, айниқса, бундай ҳоллар Миср ва Мексика каби аҳоли даромадлари ўсаётган мамлакатларда кўплиги айтилади.

Шунингдек, семиз инсонлар сони жануби-шарқий Осиёда ҳам кескин ортган. У ерда семизлик даражаси 7 фоиздан бирваракайига 22 фоизга кўтарилган.

Шимолий Африка, Яқин Шарқ ва Лотин Америкада бу ҳолатлар 58% атрофида, Оврўпо билан бир хил катта суръатда ўсаётгани кузатилган.

Шимолий Америка ортиқча вазнли катта ёшлилар сони 70 фоизни ташкил қилиши билан энг биринчи ўринда экан.

Тинч уммони ҳавзаси минтақалари ва Лотин Америкаси жануби ҳам у қадар орқада эмас, бу ҳудудларда семиз ҳисобланадиган инсонлар 63% дейилади.

Хорижий Тараққиёт Институтининг Келажакдаги озиқ-овқатлар деб номланган ҳисоботида бу овқатланиш тарзидаги ўзгаришлар, башоқли ўсимликлардан тайёрланадиган озиқ-овқатлар ўрнига кўпроқ ёғли, шакарли ва гўштли маҳсулотларни истеъмол қилиш ҳоллари билан изоҳланади.

Ривожланаётган мамлакатлардаги жами 904 миллион киши ҳозирда ортиқча вазнли ҳисобланар экан. 1980 йил бу рақам 250 миллион дейилган.

Ўзбекистон

Ўзбекистонлик мутахассислар ҳам мамлакатда семизлик ва бунинг ортидан келиб чиқаётган хасталиклар ортаётганини инкор этмайдилар.

Улар бунга энг аввало кун сайин ҳаёт тарзининг ўзгариб бораётгани, жисмоний ишлар камайиб, одамларнинг асосан ўтириб ишлашлари, овқатланиш тартибининг бузилганлиги, кўпроқ тез тайёрланган (fast food)таомларнинг истеъмол этишга ўтилиши, ёғлиқ овқатлар ва ширинликларнинг кўп ейилиши сабаб бўлаётганини айтишади.

Халқаро ҳисоботларда семизлик ва унинг ортидан келиб чиқаётган хасталиклар боис соғлиқни сақлаш тизимларини катта босим остига қўйишидан огоҳлантирилади.

Ўзбекистонлик шифокорлардан бирига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда қандай хасталиклар ортаётгани ва уларнинг ортидаги сабаблардан яхши хабардор.

Аммо, унга кўра, ушбу касалликларнинг олдини олишга қаратилган давлат дастурлари тузилиб, ҳамма мутахассислар унга жалб этилса, беморларга махсус ёрдамлар кўрсатилса ҳамда хасталик ҳолларини олдини олиш учун ҳозирдан ҳаракат бошлансагина келаси 10-20 йил ичида муаммо каттариб кетмаслигига эришиш мумкин.