Бангладеш парламент сайлови қон тўкилишлари билан бошланди

Image caption Мамлакатдаги вазият боис якшанба куни овоз берувчиларнинг фаоллиги жуда сустлиги кузатилган.

Бангладеш мухолифати парламент сайловларини бойқот қилишга чақираркан, полиция билан сайловчиларнинг овоз беришига халақит қилишга ҳаракат қилган мухолифат тарафдорлари ўртасида тўқнашувлар келиб чиққан, оқибатда ўндан ортиқ инсон ҳалок бўлган.

Овоз бериш эрталабки соат 8 дан соат 16 гача давом этиши хабар қилинган.

Охирги икки кун мобайнида мухолифат тарафдорлари юздан ортиқ сайлов участкаларига ўт қўйганлар.

Бутун мамлакат бўйлаб 50 минг қўшин жойлаштирилган.

Бангладешдаги мухолиф Миллий партия ва иттифоқяилари 4 ва 5 январ куни мамлакат бўйлаб икки кунлик иш ташлашга чақирган.

Миллий партия етакчиси Холида Зиё қудратдаги "Авами Лига" - "Халқ партияси"ни мухолифат раҳбарларини уй қамоғига тиқиб қўйишда айблади.

Бу айбловни ҳукумат рад қилади.

Мухолифат "Халқ партияси" раҳбари, Бош вазир Шайх Ҳасинани истеъфо беришга чақирган, Ҳасина хоним бу чақириқларни рад этди.

Бундан олдинги сайловлар пайтида мамлакат бошқаруви бирор бир партияга тегишли бўлмаган нейтрал маъмуриятларга топширилган, бу билан қудратдаги партия овозларни сохталаштиришига йўл қўймаслик мақсади кўзланган.

Бироқ қудратдаги "Авами Лига" 2010 йилда ушбу тартибни бекор қилган, бундан эса мухолифат норози.

Мамлакатдаги жуда кўп сайлов округлари бўйича мухолифат ўз номзодини илгари сурмаган, шунинг учун ҳозирданоқ "Авами Лига" бу округлардан парламент ўринларига ўз номзодлари ғалаба қозонганини эълон қилган.

Мухбирларга кўра, якшанба куни овоз берувчиларнинг фаоллиги жуда сустлиги кузатилган.

Мухолифат "Халқ партияси" ва унинг иттифоқчиси "Жамоати Исломий" партияси тарафдорларининг иш ташлашлари оқибатида автомобил ва темир йўллар тўсилган, тўқимачилик фабрикалари, дўкон ва бизнеслар ёпилган.

Бу шундоқ ҳам охирги йилларда катта молиявий зиён кўраётган Бангладеш тўқимачилик саноатига яна бир зарба бўлган.

Аксар таҳлилчилар Бангладешдаги парламент сайлови мамлакатдаги сиёсий инқирозни ҳал этиши эмас, янада чуқурлаштириши эътимолини илгари сурадилар.

Бангладешда 95 миллион сайловчи рўйхатга олинган.

Ушбу сайловда парламентдаги 300 ўрин учун кураш бориши керак эди, бироқ бу округларнинг ярмидан мухолифат номзод илгари сурмаган.

Бу мавзуда батафсилроқ