8 ёшли Афғон қизи худкуш ҳужумчи нимчаси билан қўлга олинган

Image caption Одамларни текшириб ўтказадиган чегара пости аскарларидан бири қизалоқ эгнида худкуш ҳужумчилар киядиган нимчани пайқаб қолган.

Афғонистон жанубидаги Ҳелманд вилоятида худкуш ҳужумчи нимчасини кийиб олган 8 яшар қиз қўлга олингани ҳақида Афғонистон Ички ишлар вазирлиги хабар тарқатган.

Ички ишлар вазирлиги сўзчиси Сиддиқ Сиддиқийнинг Би-би-сига айтишича, қизалоқ якшанба тунда қўлга олинган.

Ҳодиса Афғонистон жанубидаги Ҳелманд вилоятининг Ханишен туманида юз берган.

Қизчанинг исми Спогмай экани айтилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги сўзчисига кўра, қизча Афғон чегара полицияси постида худкушлик ҳужумини амалга оширишга ҳаракат қилган пайти ушланган.

Жаноб Сиддиқий айтишича, аскарлардан бири қизалоқ эгнида худкуш ҳужумчилар киядиган нимчани пайқаб қолган.

Спогмай ё худкуш ҳужумчи нимчасини портлатадиган тугмани босишни билмаган ёки у бу тугмани босишидан олдин ушлаб қолинган.

Афғон расмийларининг айтишича, Спогмай шу ҳудудларда таниқли бўлган бир Толибон қўмондонининг синглисидир.

Синглисини худкуш ҳужумни амалга оширишга акаси ундаган, деб айтишган Ҳелманд вилояти полиция зобитлари.

Полиция вакилларининг айтишларича, қизалоқ ҳозир ваҳимага тушган, ўзини йўқотган ҳолатда.

У Ҳелманд вилояти маркази Лашкаргоҳга олиб кетилгани хабар қилинган.

Бу мавзуда батафсилроқ