Шимолий Қутб уюрмаси Америкага ҳам қақшатқич аёзларни келтирди

Бир неча ҳафтадан буён Канадада кузатилаётган Шимолий Қутб уюрмаси Америка Қўшма Штатларининг айрим ҳудудларида ҳам ҳаво ҳароратининг рекорд даражада пасайиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Об-ҳаво мутахассислари қаҳратон совуқлари бундан кейин ҳам давом этиши мумкинлиги, ҳарорат янада пасайишидан огоҳлантирмоқдалар.

Арктикадан келган совуқ ва зич ҳавонинг соат стрелкаси йўналишига қарши ҳаракатланиши Шимолий Қутб уюрмасини келтириб чиқарган.

Уюрма Канада устида анчадан буён сақланмоқда, ҳавонинг ҳарорати пасайгандан пасайиб кетаяпти.

Қор тўфонлари кучаймоқда, Канада ва АҚШнинг шимоли-шарқида қор қатлами 60 сантиметргача етган.

Об-ҳаво мутахассислари башорат қилишларича, ҳаво ҳарорати айрим жойларда -51 даражагача пасайиши мумкин.

Ҳаддан зиёд совуқ ҳаво 16 инсон ўлимига сабабчи бўлгани хабар қилинмоқда.

4 январдан 6 январгача 3700 дан ортиқ учоқ парвозини бекор қилишга тўғри келган.

Канаданинг Торонто шаҳридан учиб келиб Нью-Йоркдаги Жон Кеннеди аэропортига қўнган учоқ қўниш йўлагидан чиқиб кетиб, қор уюмига бориб урилган.

Ҳеч ким жароҳатланмаган, бироқ учиш-қўниш йўлаги музлаб қолгани боис икки соат мобайнида рейслар бекор қилинган.

Расмийлар одамларни уйларидан ташқарига чиқмасликка чақирмоқдалар, бу ҳам одамларнинг хавфсизлиги учун ва ҳам йўлларни қордан тозалаш учун муҳим экани айтилган.

Энг аёз ҳаво АҚШнинг Охайо, Жанубий Дакота ва Иллинойс штатларида кузатилмоқда.

Бу минтақадаги охирги йиллардаги энг совуқ қиш бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ