Туркия бош вазири Эрдўғоннинг ҳарбийларга муносабати ўзгардими?

Image caption "Бизнинг қайта маҳкама иши юзасидан тутган мавқеимиз ижобий", деб айтди жаноб Эрдўғон.

Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон давлат тўнтаришига уриниш ҳаракатларида айбланиб қамоққа ташланган юзлаб ҳарбий зобитлар ишини қайта кўриб чиқиш тарафдори эканлигини айтган.

Айтилишича, жаноб Эрдўғоннинг маслаҳатчилари зобитларга полиция ва адлия тизимидагилар томонидан сохта айбловлар қўйилганлигини айтганлар.

Кузатувчилар бош вазирнинг изҳоротини унинг сиёсий мавқеидаги кескин бурилиш, дея баҳоламоқдалар.

Мухбирларга кўра, Туркия бош вазири сиёсий бурилиш йўлини тутган.

2012 -2013 йиллар мобайнида Туркияда Эргенокон ва Муз болтаси номи остида катта шов-шувларга сабаб бўлган маҳкама жараёнлари ўтказилиб, юзлаб юқори лавозимли ҳарбийлар, журналист, ҳуқуқшунос ва сиёсатчилар ҳукумат тўнтаришига уринишда айбловлар билан турли қамоқ жазоларига ҳукм қилингандилар.

Улар орасида бўлган Туркия Қуролли кучлари штабининг собиқ раҳбари Генерал Бошбўғ умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ҳаммаси бўлиб 275 киши Бош вазир Эрдўғон ҳукуматига қарши ҳаракатларда айбланган.

Мухбирлар билан учрашувда, Эрдўғон жаноблари, "бизнинг қайта маҳкама иши юзасидан тутган мавқеимиз ижобийдир", деб айтди.

Аммо унга кўра, аввалига бу янги маҳкама учун қонуний замина ҳозирланиши лозим.

Эрдўғон жанобларининг бу чиқиши мамлакатда юқори лавозимли мулозимларга қарши порахўрлик юзасидан айбловлар ўртага отилган бир пайтга тўғри келмоқда.

Бош вазир полиция ва адлия тизимини ўз вазирларининг истеъфосига сабаб бўлган жирканч ва уюштирилган кампания бошлашда айблади.

"Адолат ва Тараққиёт" партиясининг илдизларида сиёсий Ислом унсурлари борлиги айтилади ва қудратдаги бу фирқа Туркия ҳарбийларининг таъсирини пасайтиришга бел боғлаганди.

Туркия ҳарбийлари эса Мустафо Камол Отатуркнинг дунёвий тузуми қўриқчилари сифатида кўрилади.

Энди эса Бош вазир ҳарбийлар ёнини олаётган кўринади.

Мухбирларга кўра, Эрдўғон қудратга келар экан, адлия тизими билан биргаликда ҳарбийларни сиёсатдан узоқлаштириш йўлида ҳаракат қилган эди.

Бир неча ўн йиллардан бери ҳарбийлар Туркия сиёсатида устувор мавқеъни эгаллаб келишарди.

Эрдўған жаноблари қудратга келгач, уларнинг сиёсатдаги мавқеълари кескин туширилди.

1960 йилдан 1997 йилгача ҳарбийлар Туркиянинг тўртта фуқаровий ҳукуматини ҳокимиятдан жудо этган эди.

Аммо сўнгги ўн йилликда АК партияси ва Эрдўғон жаноблари Туркиядаги қудрат мувозанатини ўзгартиришга муваффақ бўлган.

Хўш, нима учун жаноб Эрдўғоннинг ҳарбийларга нисбатан мавқеи ва оҳанги юмшамоқда?

Би-би-си ушбу савол билан Туркиядан шарҳловчи Намоз Нормўминга мурожаат қилди:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ