Пентагоннинг собиқ раҳбари Обаманинг Афғонистон сиёсатини танқид қилди

Image caption Гейтс Обамани танқид қилди

Америка Қўшма Штатларининг собиқ Мудофаа вазири Роберт Гейтс Президент Обаманинг Афғонистон уруши масаласига муносабатини танқид қилиб китоб ёзган.

Китоб “ Хизматда: Мудофаа вазирининг хотиралари» деб аталади ва унда Гейтс жаноблари Барак Обама ўз маъмуриятининг Афғон стратегиясига ишонқирамай қарагани айтилади.

"Мен ҳеч қачон унинг қўшинларимизни дастаклаганига шубҳа қилмаганман, фақат уларнинг миссиясини қанчалар қўллаб –қувватлагани ҳақида саволлар бўлган”, деб ёзади Роберт Гейтс.

Гейт жаноблари Президент Обама ва Буш даврида Пентагон раҳбари бўлган.

2011 йилда истеъфога чиқишидан аввал Гейтс жаноблари икки партия қудратда бўлган вақти ишлаган илк Пентагон раҳбари эди.

'Чиқиш йўли'

Image caption "Обама Карзайга тоқат қилолмас эди"

Роберт Гейтс Обама жанобларини виждонли шахс ўлароқ баҳолашига қарамай, Президент Бушдан бир эмас икки урушни мерос қилиб олган Барак Обама аслида бу зиддиятнинг ҳар иккиси билан ҳам ўзини ноқулай ҳис қилганини айтади.

Ўз хотираларида Гейтс жаноб Обаманинг Генерал Девид Петреусга ишонмагани ва Президент Ҳамид Карзайга “тоқат қилолмагани” ҳақида ёзади.

2011 йил март ойида у Президент Обама билан учрашганини хотирлайди.

Гейтс жаноблари “ Президент бу уруш меники эмас деб ишонади ва унинг бор ташвиши қандай қилиб у ердан чиқиб кетиш керак деган савол билан боғлиқ”, деб ёзади.

The Washington Post газети Гейтс жанобларининг хотираларини “ аччиқ оҳангда” эканини қайд этади.

Бу китобда собиқ Мудофаа вазири Обама жанобларининг Оқ Уйдаги фаолиятини “ ортиқча назорат қилиш табиатига эга” деб таърифлайди.

У Пентагоннинг ишларига доим аралашиб турди, аслида эса унинг ҳарбий бўлмаган ёрдамчилари мудофаа тизими ва амалиётлар ҳақида кўп нарса билишмас эди деб ёзади Гейтс жаноблари.

"Обама маъмуриятининг илк кунларидаёқ юқори лавозимли ҳарбийлар ва Оқ Уйнинг мулозимлари орасида ишончсизлик юзага келди. Улар орасида Президент ва унинг ўринбосари ҳам бор эди. Бу мен учун катта муаммога айланди, чунки мен Бош қўмондон ва ҳарбий раҳбарлар ўртасида алоқаларни яхшилаш ҳаракатида эдим”, деб хотирлайди Роберт Гейтс.

Аммо, Роберт Гейтс Покистонда Усама Бин Лодиннинг турар жойига бўлган ҳужум учун Обама жанобларининг қарорини олқишлайди.

Гейтс жаноблари аввалида бу ҳужумга қаршилик қилган эди.

“Менинг назаримда, бу Оқ Уй томонидан берилган энг жасоратли бир қарор эди”, деб ёзади АҚШ собиқ Мудофаа вазири ўз китобида.

Бу мавзуда батафсилроқ