Москва: ҳукумат Қуръоннинг ёқилиши оқибатларидан қўрқадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti
Image caption Таҳлилчилар Москва ҳукумати айни вазиятда тўғри йўл тутаётганини айтади.

Москва полицияси раҳбари Анатолий Якунин мусулмонларнинг муқаддас китоби Қуръонни ёқилиши ва бу воқеани суратга олиб интернетга жойлаган кишини топиш учун махсус тезкор гуруҳ тузишга кўрсатма берган.

Гуруҳ олдига айбдорларни қисқа муддатда топиш вазифаси қўйилган.

Таҳлилчиларга кўра, ушбу вазиятда ҳукуматнинг тутган йўли асосли. Лекин улар Қуръон бошқа мамлакатларда ёқилганидаги каби зўравонликлар Россия мусулмонлари ўртасида содир бўлмайди, деган фикрда.

"ЦСКА ишқибозлари Қуръонни ёқишди" сарлавҳали видео YouТube тармоғида 5 январда пайдо бўлганди.

Видеолавҳада номаълум ёш йигитлар Қуръонни ёққани , шу билан бирга ахлоқсиз сўзларни айтиб бақиргани кўринади.

Видеонинг иккинчи қисмида эса метрода юзида калтак излари қолган рус бўлмаган кишидан Аллоҳга қарши сўз айтиш талаб қилинади.

ЦСКА футбол жамоасининг матбуот хизмати Би-би-сига бу ҳодисадан хабарсизлигини ва унга изоҳ берилмаслигини айтган.

Москва полицияси ҳам мазкур воқеа юзасидан тушунтириш бермаган.

Ксенофобия ва ирқчилик муаммолари билан шуғулланувчи ҳуқуқ ҳимоячиси Александр Брод ҳуқуқ тартибот идоралари бу каби ҳодисаларга эътибор қаратиши кераклигини айтади.

"МВДнинг федерал ва минтақалараро даражадаги экстремизмга қарши кураш бўлимлари бор. Бундай бўлим Москва ГУВДсида ҳам бор. Уларнинг кучлари орқали ҳаракат қилиб айбдорларни топиш мумкин. Шу билан бирга бу идора янги миллатчи гуруҳларга қарши курашиб келади", деб айтади Брод.

Россиядаги ксенофобияни ўрганиш ва экстремизмни бартараф қилиш маркази раҳбари Эмил Паинга кўра, муаммонинг жиддийлиги мамлакатда мавжуд сиёсий тизим билан боғлиқ.

"Россиядаги таранг вазиятнинг барча кўринишларини миллатлараро ва динлараро доираларда кўриш мумкин, дейди россиялик таҳлилчи.

Қуръоннинг ёқилиши ҳақидаги видеони жойлаган интернет фойдаланувчи ўша ерда "Путин тузумининг ёлғонлари" номли сайтга линк беради. Бу интернет сайтда Россия ҳукуматининг ҳаракати ўта миллатчилик ва ксенофобик мавқеда туриб танқид қилинади.

Таҳлилчилар томонидан Қуръон ёқилишини суратга олиб тарқатилиши оқибатлари у қадар жиддий бўлмаса ҳам, Россиядаги баъзи радикал мусулмонларни қандайдир ҳаракатга ундаши мумкин, деган фикр айтилмоқда.

Лекин Россиядаги мусулмонлар, умуман олиб қараганда, у қадар радикал ҳисобланишмайди, дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Брод.

Шу билан бирга, у Шимолий Қовқоз ва бошқа минтақалардаги ваҳҳобий гуруҳларнинг ҳодисага боғлиқ бузғунчилик мазмунидаги ҳаракатлари содир бўлишини эътибордан соқит қилмайди.

Дин ва сиёсат бўйича стратегик тадқиқотлар марказининг раҳбари Максим Шевченко эса Москвада динлараро муносабатларда фавқулодда вазият юзага келган деб билмайди.

Жаноб Шевченко бу борада ҳукуматнинг ишини ёқлар экан, мамлакатдаги сиёсий вазиятни бузғунчилик йўли билан беқарорлаштиришни хоҳлаган ҳаракатлар бартараф қилинаётганини айтади. Унга кўра, содир бўлган ҳодиса жамият ҳаётида сезиларли из қолдира олмайди.

"Россиянинг аксарият мусулмонлари, балки уларнинг баъзилари ҳукуматнинг сиёсатидан норозидир, лекин бу ҳаракатни безорилик сифатида баҳолашади. Бунинг исботи сифатида интернетда қандай муҳокама қилинаётганлигига қараш кифоя", дейди жаноб Шевченко.