АҚШ яманлик маҳбусни Гуантанамодан озод қилади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Айни пайтда Гуантанамода яна 155 маҳбус бор.

Қўшма Штатлар ҳукумат комиссияси қарори билан яманлик 33 ёшли Маҳмуд Мужоҳид Гуантанамо қамоқхонасидан чиқиши кутилмоқда.

Маҳмуд Мужоҳид 2002 йил ҳибсга олинган, бироқ шу пайтга қадар ҳеч бир айблов эълон қилинмаган.

Айни пайтда Гуантанамода тақдири ҳал бўлиши кутилаётган яна 155 та маҳбус бор. Уларнинг аксарияти Гуантанамога тасодифан тушиб қолган афғон ва покистонлик оддий фуқаролар экани айтилади.

Америка ҳукумат комиссияси "Ал-Қоида" жангариси ва Усама бин Лодиннинг қўриқчиси эканига ишонилган Маҳмуд Мужоҳид бундан буён жамиятга хавф туғдирмайди, деган қарорга келган.

Бундан олдин яманлик Маҳмуд озод қилиниши жуда хатарли бўлган ўнлаб маҳбусларнинг бири сифатида тилга олинган. Бироқ бу маҳбусларнинг жиноятини исботлаш учун етарли далил бўлмагани сабабли айблов ҳам илгари сурилмаган.

Маҳмуд Мужоҳид президент Барак Обама томонидан тузилган кузатув кенгаши кўриб чиққан илк Гуантанамо маҳбуси бўлгани хабар қилинади.

"Бу жуда узоқ вақт ва ниҳоят у 12 йилдан сўнг ўз оиласи билан бирга бўлиши керак", дейди Мужоҳиднинг ҳимоячиси Дэвид Ремес Ассошиэйтед пресс агентлигига. Маҳмуд Мужоҳидни бундан кейин Гуантанамода ушлаб туришга ҳеч бир асос йўқ, деб айтган ҳимоячи.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Президент Обама илк бор 2009 йилда, президентликка сайланганида бир йил ичида ҳибсхонани ёпишга ваъда берганди.

"Гуантанамо ёпилиши керак"

Президент Обама: “Американи хавфсиз сақлаш учун Гуантанамога зарурат йўқ...бу экстремистлар ўзларига одам ёллашлари учун қуролдир; уни ёпиш керак”, деб айтган эди.

Қўшма Штатлар раҳбари ўтган йил охирида Кубадаги қамоқхона маҳбуслари орасида очлик амаллари кучаяётган бир пайтда яна бир бор уни ёпишга уриниб кўриш ваъдаси билан чиқди.

Оқ Уйда гапирган Обама жанобларининг айтишича, Гуантанамо ҳибсхонаси америкаликлар шахсига “тескари” нарсадир.

Қолаверса, у, Президентга кўра, Қўшма Штатлар манфаатларига ҳам зиён етказади.

“Бу самарасиз, бизнинг халқаро ўрнимизга путур етказади, аксилтеррор саъй-ҳаракатларида иттифоқчиларимиз билан ҳамкорликларимизни камайтиради, эстремистлар одам ёллашлари учун қурол, у ёпилиши керак”, деб айтган Барак Обама.

Обаманинг таъкидлашича, Ироқ уруши ниҳоя топиб, Афғонистондаги қамоқхоналар назорати афғон кучларига топшириларкан, Кубадаги иншоотга бошқа эҳтиёж қолмаган.

Гуантанамо ҳибсхонаси 2001 йилда Буш маъмурияти остида ташкил этилган эди.

Президент Обама илк бор 2009 йилда, президентликка сайланганида бир йил ичида ҳибсхонани ёпишга ваъда берган.

Шунга қарамасдан, АҚШ конгресси қамоқхонани ёпиш учун маблағ ажратишни рад қилган.