Марказий Африка инқирози: минглаб хорижий фуқаролар эвакуация қилинмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Марказий Африка Республикасида хорижий фуқароларни шошилинч эвакуация қилиш бошланган.

Халқаро муҳожирлик ташкилотига кўра, Марказий Африкадан тахминан 33 минг чет эллик кўчирилади.

Мамлакат аэропортидан аллақачон Чад фуқароларининг дастлабки гуруҳи учиб кетган.

Шунингдек Нигерия, Мали, Судан ва Конго Демократик Республикаси фуқаролари мавжуд. Кўчирилаётганларнинг аксарияти аёллар ва болалардир.

Олдинроқ Марказий Африка Республикасидан 27 минг киши эвакуация қилинган эди.

Мамлакатда 2013 йил мартида юз берган давлат тўнтаришидан сўнг вазият ҳамон беқарор қолмоқда.

Ўшанда президент Франсуа Бозизе "Селека" исёнчилар гуруҳи томонидан ағдарилган.

"Селека"нинг раҳбари Мишел Жотодия ўзини Марказий Африка Республикасининг вақтинчалик президенти деб эълон қилди.

Африканинг энг қашшоқ мамлакатларидан бири бўлган республика аҳолисининг катта қисмини насронийлар ташкил қилади.

Жотодия шу тариқа мамлакат тарихида биринчи мусулмон раҳбар бўлди.

У раҳбарлик қилган "Селека"ҳаракати Чад ва Жанубий Судандаги исломий жангарилар дастаклови билан президент Бозизени ағдариб, Марказий Африка Республикасининг катта қисмини ўз назоратига олишга эришди.

Бироқ муваққат президент Мишел Жотодия ва Бош вазир Николас Тянгайте қўшни давлатлар ва Франция босими остида, миллий ярашувга йўл очиш учун, 10 январда ўз лавозимларини тарк этганлар.

Айни пайтда минглаб насронийлар кўчаларда байрам қилмоқдалар. Мусулмонлар ўзларига қарши зўравонликлардан хавотирда. Президент саройи Франция танклари билан ўраб олинган.

Мамлакатдаги фуқаролар уруши туфайли 160 мингдан ортиқ киши зўравонликлардан қочиб уйларини тарк этганлар. Баъзи қишлоқлар бутунлай кимсасиз бўлиб қолган. Фақатгина охирги ойда қурбонлар сони мингга етган.

БМТ Марказий Африка Республикаси гуманитар инқироз ҳолатида эканини эълон қилди.

Декабр ойида Марказий Африка Республикасига Африка Иттифоқининг тўрт минг аскари етиб келган.

Франция ўзининг собиқ мустамлака мамлакатига 1600 ҳарбийсини киритган.