Киевдаги намойишчилар Януковични халқ маҳкамасига тортмоқчи

Украина пойтахтининг Мустақиллик майдонида мухолифат навбатдаги "народное вече"ни ўтказмоқда.

Би-би-си мухбирига кўра, ёғаётган ёмғирга қарамасдан майдонда камида 10 минг киши бор ва одамлар келишда давом этяпти.

Украина раҳбариятининг Оврўпо Иттифоқи билан келишувни имзоламаганлиги орқасидан бир ярим ойдан буён давом этаётган норозилик намойишлари янги йил байрамлари пайти анча қисқарган.

Шанба куни намойишларда мухолифат раҳбарлари Арсений Яценюк, Олег Тягнибок, Виталий Кличко чиқиш қилганлар.

Хабарларга кўра, шанба куни "Беркут"махсус хизмат ходимлари томонидан калтакланган собиқ ички ишлар вазири, ҳозирда мухолифатчи Юрий Луценко касалхонанинг жонлантириш бўлимидан оддий хонага ўтказилган.

Намойишчилар Луценкони калтаклаганларни зудлик билан жазога тортишни ҳам сўрамоқдалар.

Мухолифат ўзининг яқин келажакдаги режасини билдириши кутилади.

Намойишчилар Украина президенти Виктор Януковия қароргоҳи олдида йиғилишни режаламоқда.

Фаоллар бу ҳақда Фейбук саҳифаларида эълон қилиб, одамларни намойишга чорлашган.

"Межигорьега чақирув қоғозини беришга борамиз. Йўлда ҳуқуқ тартибот ходимлари ва ДАНчиларни ҳам Майдондаги халқ судига чақирамиз", дейилади мухолифатнинг Фейсбукдаги мурожаатида.

Декабр охирида "Майдон"қатнашчилари Янукович қароргоҳига рамзий маънода тобут олиб боришганди.

Бундан олдин мухолифат раҳбарлари ва фаоллар Президент Виктор Януковичдан истеъфо беришни талаб қилишган.

Мухофатдаги "УДАР" партияси етакчиси Виталий Кличко намойишларнинг асосий мақсади муддатдан олдин сайловлар ўтказилишига эришишдир, деган Би-би-сига.

Украина мухолифати шунингдек, Януковичдан Азаров ҳукуматини тарқатишни, сиёсий маҳкумларни, хусусан Тимошенкони озод қилиш ва Ички Ишлар вазири Виталий Захарченкони ҳибсга олиш талабини илгари сурган.

Акс ҳолда улар Межигорьедаги президент қароргоҳи тўсиб қўйилиши ва муддатсиз намойишлар бошлашни билдирган эдилар.