Калашниковнинг тавбаси

Image caption Тавба...

АК-47 автомат қуролининг муаллифи Михаил Калашников ўлимидан бир ярим йил аввал Патриарх Кирилга мактуб йўллаб, дунёда энг машҳур ўқотар қуролни яратгани учун афсус-надоматини изҳор этган.

Москва Патриархиясидагиларнинг Би-би-сига айтишича,улар ўшандаёқ Калашниковга жавоб мактубини ёзишган.

Бу мактуб «Известия» газетида чоп этилган.

Журналистларга кўра, айни мактубни конструкторга яқин бир шахс келтириб берган.

Мактуб компютерда ёзилган ва Михаил Калашников уни имзолаган.

«Известия» газетининг мухбири Денис Тельмановга кўра, бу мактуб Калашниковни зиёрат қилган руҳоний тилидан ёзилган бўлиши эҳтимол бор.

Калашников бу мактубида ўзини православ насронийлиги, АК-47 автоматини ғаройиб қурол экани ва Совуқ уруш давридаги америкаликлар Шўро фуқароларининг дўсти бўлгани ёзади.

Калашников ҳаётлигида ҳам бир неча бор бу қуролни яратганидан афсусда эканини айтганди.

"Дилоғриқ"

"Менинг дилоғриғимга тоқат қилиб бўлмас…Бир савол юрагимни ўртайди. Менинг автоматим одамларнинг ёстиғини қуритган экан, демак, мен 93 ёшли Михаил Калашников, бир деҳқон аёлнинг ўғли, насроний бўла туриб бунда улушим бор…Майли ўлганлар менинг душманларим бўлса ҳам…Сабабчиман…» деб ёзилади бу мактубда.

"Ёшлигимда абадий двигатель яратишни орзу қилганман...Шунга ўхшайди. Нур ва зулмат, яхшилик ва ёмонлик - бир бутунликдаги икки қарама-қаршилик, бири бирисиз бор бўлолмайдими? Худо шундай яратдими бу дунёни? Наҳот инсоният бу ғафлатда абадий қолажак?»

Калашников ўзининг қандай қилиб дўстлари ёрдамида эътиқодли бўлгани ҳақида ва ҳамда ўз шарафига қурилажак музейга қаршилик кўрсатиб, Ижевскда1930 йилларда вайрон этилган Авлиё Михаил Черковини қайта таъмирланишига бош қўшгани ҳақида ёзади.

Шўролар фахри

Image caption Калашниковдан ўқ узилмаган мамлакат дунёда бармоқ билан санарлидир...

Калашников автомати 1947 йил яратилган ва XX асрнинг энг машҳур ихтиролари сирасига киритилган.

Автомат дунё бўйлаб энг кўп қўлланиладиган қуролга айланган, ҳозир ундан 100дан ортиқ давлат қуролли кучлари фойдаланади.

Айни пайтда AK47 жҳондаги инқилоблар рамзига ҳам айланган, қатор миллий байроқларда ҳам акс этган.

Жумладан, Ангола, Ветнам, Жазойир ва Афғонистондаги жанг майдонларида қўлланилган.

Фаластиндаги гуруҳлар ҳам Калашников автоматидан кенг фойдаланишади ва Усама бин Лодиннинг ҳам қўлида пайдо бўлганди.

Қурол нисбатан содда ишлангани боис арзонга тушади ҳамда жанг майдонларида қўллаш ишончли ва осон кўрилади.

Михаил Калашников 1919 йил 10 ноябрда Олтой ўлкасидаги Курья қишлоғида дунёга келганди. У оиладаги 18 фарзанддан бири бўлган. Болаларнинг фақат олти нафари яшаб қолган.

Калашников 1938 йил Қизил Армияси сафига чақирилган ва унинг яратувчанлик қобилиятидан қурол-яроғлар ва Совет танкларида ишлатилган ускуналар самарадорлигини ошириш йўлида фойдаланилган.

1941 йил октябрида у бошқарган танк олмонлар снарядига дуч келган ва тан жароҳати олган. Шундан сўнг, у ўз номини машҳур қилган ўқотар қурол ихтироси билан шуғулланган.

Ҳарбий шифохонада пайти сафдош аскарларидан бири нима учун Россия армияси олмон қўшинлариникига ўхшаш қуролга эга эмаслиги ҳақида сўраган.

"Хуллас, мен аскар учун автомат қурол ихтиро қилдим. У Калашников автомати деб аталди", деганди Михаил Калашниковнинг ўзи.

Янги қурол 1949 йилдан бошлаб Совет қуролли кучлари тарафидан фойдаланила бошланган ва у Сталин Мукофоти билан тақдирланган.

Бу Калашников олган совринларнинг бири эди, холос. Кейинчалик Михаил Калашников "Ленин ордени", "Социалистик меҳнат қаҳрамони" каби қатор мукофотлар берилганди.

1987 йил Михаил Калашниковга Удмурт Республикаси "Фахрий фуқароси" деган ном берилган. 75 ёшга киргани муносабати билан эса, Президент Елцин уни Генерал-Майор унвони билан тақдирлаган.

Бу мавзуда батафсилроқ