Одамхўр: "Мен нечун унинг гўштини едим"

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Марказий Африкада диний низолар пойтахт Бангида юз берган каннибализм - одамхўрлик амали билан ўзининг янги авж нуқтасига чиқди. Би-би-си мухбири Пол Вуд бу амалга қўл урган шахс билан учрашган, унинг ҳикояси кўнгилни хира қилиши мумкин.

Бир неча кун олдин мусулмон киши насронийлар тарафидан ўлдирилиб, қўл-оёқлари кесиб олинади. Кейин оломон орасидан бири омма кўз ўнгида мурданинг гўштини ейди.

Биз филм олаётган жойга сариқ кийимли шахс яқинлашди ва мен қараб гапира бошлади.

"Менман бузғунчи", деди у бузуқ француз тилида. Ҳайрон бўлганча, унинг қўлини сиқдим. Кўзим тор жинси шимига осилган ханжарга тушди. "Ёмон одам менман", дея такрорлади у.

Вужудимни нафрат ҳисси чулғаркан, мен каннибал - одамхўр билан сўзлашаётганимни англадим.

Телефон камераларида жиноят ёзиб олинганди. Тасвирларда куйиб қорайиб кетган ва бурдаланган жасад кўча бўйлаб қий-чув қилаётган оломон томонидан судраб юрилгани, улардан бири эса, кесиб олинган оёқни қўлига олиб тишлаётгани кўринади.

Қаршимда худди ўша сохт-сумбат тик турарди. У ҳатто видеотасвирдаги сариқ кийимида эди.

Бир неча лаҳза олдин мен ҳодисага даҳшат ичида гувоҳ бўлган Гислеин Нзото билан гаплашгандим. Унга кўра, ҳаммаси ўша мусулмоннинг автобусдан судраб туширилиши билан бошланган.

"Одамлар унга ҳужум қилиб, тепа бошлашди. Бошининг орқасига тош билан уришди. Уни ўлдириб бўлганларидан кейин ҳам тўхташмади", дея ҳикоя қилади Нзото.

"Кейин жасадга ўт қўйишди. У ерда 20га яқин ёш тўпланганди. Оёқни бутунлигича кесиб олишди. Бири гўштини ея бошлади. У 4 марта тишлади ва ютиб юборди. Гўшт хом, аммо куйдирилган эди", дея давом этади у.

"Бу Бурунди тинчликни сақлаш кучлари кўз ўнгида юз берарди. Аскарлардан бири қайт қилди. Кейин у қуроли билан одамларни қува бошлади".

'Мен қасос учун онт ичгандим'

Одамхўрнинг исми Унджа Маглоре (Ouandja Magloire) эди. Аммо, айтишича, уни ҳозир "Қутурган ит" деб билишади.

Кўчанинг икки томонидан ҳам гавжум бозор бор. Ўта ранг-баранг кийим-бошлар, терини оқартирувчи упа-элик ва янги келтирилган нонлар тахлаб ташланган. Биз эса, ундан нега бу қадар ваҳшиёна ишга қўл урганини сўраш учун тинчроқ жойга бордик.

Унджа менга мусулмонлар ҳомиладор хотини, қайнисинглиси ва унинг чақалоғини ўлдиришганини айтди.

Ўша куни у автобусда ўтирган кишини мусулмонга ўхшатган ва орқасидан тушган. Унджанинг ортидан эргашганлар сони эса, кўпайиб борган.

"Биз уни кетидан тушгандик", дейди у. "Чорраҳага етиб борганида Бурунди аскарларини уни ҳимоя қилишган бўларди. Биз автобус ҳайдовчисига тўхташни айтдик. Ҳайдовчи: "Ҳақсиз, у мусулмон", деди.

Суҳбатдошим жабрдийдани автобусдан судраб туширганларидан кейинги манзарани тасвирларди: "Мен унинг оёқларига тепдим. У йиқилиб тушди. Кўзларига пичоқ урдим".

"Мусулмон! Мусулмон! Мусулмон! Мен унинг бошига ханжар урдим. Устидан бензин қуйдим. Ёқдим. Кейин оёғини суягига етгунча едим. Шунинг учун, одамлар мени Қутурган ит дейишади".

Видеода "Қутурган ит" мамнуният билан лунжини тўлдириб чайнаётгани кўринади. Мен нима учун бундай қилгани ҳақидаги саволимни яна қайтардим.

"Чунки, мен ғазаблангандим". Унинг бошқа изоҳи йўқ эди.

Интервю давомида унинг юзида на ғазаб ва на фахр, на бир бошқа ҳиссиётни кўринарди. Унинг сўзлаш оҳанги бир хил, кўзлари ва юзи маъносиз, ҳиссиз эди.

Одамхўрликка тушунтириш борми?

Мен гаплашган гувоҳ Гислеин Нзотога кўра, ушшу гавжум кўчадан бирор киши жабрдийдага ёрдам беришга уринмаган.

"Ҳеч ким", дейди у бошини силкитиб. "Ҳамма мусулмонлардан ғазабда. Бирор киши аралашишини кутиш мумкин эмас".

Ундан ҳам баттароғи эртаси кун юз берган. "Қутурган ит" марҳумнинг гўштидан қолганини намойишкорона ноннинг орасига қўйиб еган.

Гислеин мусулмонларнинг ўлдирилишини маъқулламаслигини, аммо ҳеч қурса бу иш сабабини англай олиши мумкинлигини айтади.

Одамхўрликни эса, на у ва на мен суҳбатда бўлган бошқа насронийлар тушунтириб беришди. Улар ҳам каннибализмдан даҳшатга тушганлари, бироқ буни нимадан келиб чиқишини ҳеч қанақасига тушуна олмасликларини урғулашади.

Эҳтимол, бу каби шафқатсизлик мувозанатини йўқотган шахснинг қўлидан келадиган ишдир. Ёки, динлараро нафратнинг натижасими?

Ва ё, дейди суҳбатдошим, бу иш сеҳр-жоду билан боғлиқдир?

Биз учрашган насроний жангчилар одамхўрлик жоду билан боғлиқлигига ишонишади. Улар жангга турли туморлар тақиб киришади. Назорат нуқтасидаги жангчилардан бири менга баъзи туморларда улар ўлдирган одамлар гўшти ҳам бўлишини айтди.

"Бизга ўқ ўтмайди", дейди уларнинг қўмондони ним табассум билан.

Бизнинг билишимизча, ушбу қарама-қаршиликда бошқа одамхўрлик ҳоллари юз бермаган. Аммо, Марказий Африка Республикасида ўхшаш ҳолатлар йўқ деб бўлмайди.

1966-1979 йиллар ҳукумронлик қилган "Император" Бокасса ўз душманларини пишириб, расмий кечки дастурхоналарда тортганликда айбланади.

Францияда чоп этиладиган Пари Матч (Paris Match) журнали унинг саройидаги музлаткичда сақланган болалар танаси парчалари дея суратлар чоп қилганди.

(Бокасса қудратдан ағдарилгач, маҳкамага тортилган. Қотиллик учун жазоланган, бироқ одамхўрликда айбдор топилмаганди).

Мамлакатда диний ва мазҳаблараро нафрат узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу нафрат Чад ва Судандан ёлланма мусулмон аскарлар "Селека" қўзғолончиларига қўшилиши ортидан портлади.

Мамлакат 2013 йил мартида юз берган давлат тўнтаришидан сўнг ҳамон беқарор қолмоқда.

Ўшанда президент Франсуа Бозизе "Селека" исёнчилар гуруҳи томонидан ағдарилганди.

'Қутблашган' хабарлар

"Селека" исёнчилар гуруҳи катта сондаги насронийларни ўлдириш, аёлларни зўрлаш ва мол-мулкларни талашда айбланади. Насронийлар ўзлари учун мудофаа гуруҳлари тузишган ва қотилликларга ўз улушларини қўшишмоқда.

Ғарб дипломатлари хорижий матбуотни, айниқса, Франция телерадио каналларини айблашади.

"Мусулмонлар Насронийларга қарши" қабилидаги ҳикоялар нотўғри тақдим қилиниб, этник ва сиёсий зўравонликлар сабаб бўлгани айтилади. Дипломатларга кўра, бундай хабарлар икки жамоани қутблашувига хизмат қилган.

Мамлакатда 200га яқин этник гуруҳлар ва тил мавжуд.

Ўтган ҳафта ўзини вақтинчалик президент дея эълон қилган "Селека"нинг раҳбари Мишел Жотодия истеъфо бераркан, насронийлар тантана қилишди. Биз насронийлардан иборат оломоннинг: "Бугун биз мусулмонларни ўлдирамиз", дея қўшиқ куйлашаётганини тасвирга туширдик.

Жотодия ва Бош вазир Николас Тянгайте қўшни давлатлар ва Франция босими остида, миллий ярашувга йўл очиш учун, 10 январда ўз лавозимларини тарк этдилар.

"Қутурган ит" Маглоренинг жинояти фавқулодда ҳолат бўлиши мумкин. Балки, бу унинг ичидаги иблиснинг ишидир, мазҳабий ёки диний нафрат билан алоқаси йўқдир.

Аммо, биз Маглорени интервю қилар эканмиз, кичик сонли насронийлардан иборат оломон тўпланди. Одамлар унинг қўлини сиқишар, бошига уриб қўйишар, унга қараб жилмайишарди. Илк бор унинг юзида ҳам кулгу балқди. Бу ерда тўпланган одамлар учун "Қутурган ит" Маглоре қаҳрамон эди.

Мазкур ҳолат эса, Марказий Африка Республикаси келажаги борасида яхши нарсани башорат қилмайди.

Бу мавзуда батафсилроқ