'Пиёниста мусулмонга жаноза ўқилмайди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи THINKSTOCK

Ҳиндистондаги мусулмон уламолар йиғилиб, спиртли ичимликларга ружу қўйган инсоннинг дафн маросимида жаноза ўқиш рад қилинсин, деган қарорга келганлар.

Бу ҳақда Times of India рўзномаси хабар тарқатган.

Бу уламолар Ҳиндистон шимоли-шарқидаги Биҳар штатида яшайдиган исломий уламолар экани хабар қилинади.

"Бу ҳаётдан кўз юмган пиёниста шахс ҳақига жаноза ибодатини адо этмаслик ҳақидаги тарихий қарор", деб айтган Ҳофиз Мавлоно Моҳтоб Олам Маҳдумий.

"Иншооллоҳ, бу қароримиздан мусулмонлар тегишли хулоса чиқарадилар ва бундан кейин оғизларига спиртли ичимлик олмайдилар, деб умид қиламиз", деб айтган мавлоно.

Ислом динида спиртли ичимлик ичиш тақиқланганига қарамасдан, Биҳар штатида яшайдиган мусулмонлар орасида ароқхўрлик кўпайиб бораётгани кузатилаяпти.

Мавлоно Маҳдумий айтишича, спиртли ичимликка ружу қўйган инсонлар жамиятдан яккаланиши лозим.

Маҳалла-кўйи, қариндош-уруғидан ажратилиши бу мусулмонни тўғри йўлга қайтишига ундайди, деб ҳисоблайди уламо.

Агар бу йўл иш бермаса, ўлиб қоладиган бўлса, ароқ ичиб юрган мусулмоннинг жанозаси ўқилмайди.

Уламоларнинг ушбу эълони Биҳар штатидаги Наланда туманида жамоатчиликка хабар қилинди.

Агар Наландада бу сиёсат иш берса, бутун Биҳар штатидаги имомларни ҳам шундай йўл тутишга даъват қилишмоқчи.

Бу мавзуда батафсилроқ