Хитой полицияси уйғур олими Илҳом Тўхтани ҳибсга олди

Image caption Илҳом Тўхта Пекин Университети профессоридир

Хитойда полиция уйғур миллатига мансуб бўлган таниқли олим Илҳом Тўхтани ҳибсга олган.

Бу ҳақда Илҳом Тўхтанинг хотини Гўзалой Нурий хабар берган.

45 ёшли Илҳом Тўхта Пекин Университетида иқтисоддан дарс берарди.

Турмуш ўртоғининг маълум қилишича Илҳом Тўхта чоршанба куни Пекиндаги уйидан бир неча полиция ходими томонидан олиб кетилган.

Компютерлари ва телефонлари ҳам мусодара қилинди, деб айтган унинг хотини.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги сўзчисининг айтишича, Илҳом Тўхта қонунни бузганликда гумон қилинаяпти.

Уйғурлар асосан Хитой ғарбидаги Шинжон мухтор бўлгасида яшашади ва бу минтақада хитойлик ханлар ва уйғурлар ўртасида тез-тез тўқнашувлар юз бериб туради.

Хитой ҳукумати зўравонликлар учун экстремистлар ва бўлгинчиларни айблаб келади.

Аммо, уйғур фаоллари зўравонликлар ортида этник зиддиятлар ва Хитойнинг уйғурларга устидан қаттиққўл назорати турганини айтишади.

Ашаддий танқидчи

Жаноб Тўхтанинг хотини Гўзалой Нурийнинг Ассошиэтд Пресс хабар агентлигига айтишича, полиция зобитлари Илҳом Тўхтанинг қаерга олиб кетганликларини маълум қилишмаган.

Бу гал бошқача бўлди; улар Шинжон, Пекин ва қўшни полиция бўлинмалари дохил кўплаб хавфсизлик зобитларини юборишди," - деб айтган Гузалой. - "Бу гал вазият анча жиддий."

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Ҳонг Леининг айтишича, уйғур олимига нисбатан "жиноий иш қўзғатилган" ва у "жиноятлар содир этиш ва қонунни бузиш"да гумон қилинмоқда.

Пекин Университетининг ўқитувчиси Илҳом Тўхта Хитой этник сиёсатининг кескин танқидчиларидан бири сифатида танилган.

У яқинда веб сайт орқали Пекиннинг Тянанмен майдонида содир этилган ҳалокатли ҳужумлар ортидан уйғурларга босимлар кучайганидан хавотир изҳор этганди.

Ўтган йил октябрида ёниб автомобил Тянанамен майдонида одамлар устига ҳайдалган ва натижада беш инсон ҳалок бўлганди.

Хитой расмийлари ҳодиса учун уйғур бўлгинчиларини айблаб чиқди.

Ассошиэйтд Пресс хабарига кўра, жаноб Тўхтининг яна қатор талабалари расмийлар томонидан сўроқ қилинган.

Ўтган йили Хитой ҳукумати жаноб Тўхтанинг хорижга чиқишини тақиқлаб қўйганди.

Бу мавзуда батафсилроқ