Ўзбек рэппери: 'Майкл Жексон ва Шакиранинг истеъдоду жасоратига тан бераман'

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу икки юлдуз хонанданинг мухлиси бўлган Фарийдун Асқарийнинг ўзи Афғонистон булбули Аҳмад Зойирнинг қўшиқларини куйлаб, ўзи учун кутилмаган бир ҳолатда санъат оламига қадам қўйган.

Агар, таъбир жоиз бўлса, суҳбатдошимизнинг тақдири сизга худди ҳинд киноларини эслатиб юборади.

Икки йилдирки, Швейцарияда муҳожиратда истиқомат қилаётган Фарийдун асли Афғонистоннинг асосан ўзбеклар яшовчи Маймана шаҳридан. Ҳозир 30 ёшда.

Фарийдун учун катта санъатга йўл 90-йиллар бошларида, ҳали мактаб ўқувчиси экани чоғида укаси билан икковлон толиблардан қочиб, бошпана излаб борган Эрондан бошланади.

Ёш бошига тушган муҳожирлик аламларини Аҳмад Зойирнинг "Мен учун ортиқ кўз ёш тўкма" ашуласига солиб куйлаётган бир ерида тўрт танга пул илинжида ўзи тиним нималигини билмай меҳнат қилаётган қурилиш раҳбарининг машҳур хонанда дўстининг назарига тушиб қолади.

Фарийдун худди шу инсоннинг кўмагида илк бор ўз овозини Эрондаги ростмана овоз ёзиш студиясида синаб кўради.

Ўз овози билан у ердагиларни тан олдиргач, бир қанча эронлик хонанда ва мусиқий гуруҳлар билан ижодий ҳамкорлиги бошланади.

Қисқа вақтнинг ичида Эронда қатор клиплар яратиб, минглаб мухлислар орттиришга ҳам улгуради.

Қўшиқлари Афғонистондаги қатор телевизион каналларнинг ҳам эътиборига тушаркан, ўзининг овозию услуби билан она Ватанида ҳам кўпчиликнинг кўнглидан жой олади.

Фарийдуннинг айтишича, Эрондан Афғонистонга қайтиб, ҳаёти ва ижодий фаолиятини энди йўлга қўйиб олдим деганда, сиёсий қарашлари сабаб, таъқибга учрайди ва Швейцариядан бошпана олишга мажбур бўлади.

Аммо, суҳбатдошимизнинг сўзларидан аён бўлишича, муҳожирлик ҳаётининг қаттиқликларига қарамай, ҳануз ижод қилиш, янгидан янги ашулалар яратишдан тўхтамаган.

Фарийдун шахсан ўзи марҳум поп юлдузи Майкл Жексон ва Шакираларнинг истеъдоди ва жасоратига тан беришини айтаркан, қўшиқчи сифатида ҳеч кимга тақлид қилмаслигини алоҳида таъкидлайди.

Image caption Фарийдун манаман деган юлдузи бўлмайдими, хонанда сифатида ҳеч кимга тақлид қилмаслигини айтади

Афғонистоннинг асосан ўзбеклар яшовчи шимолий минтақаларида эса, ўз она тилида рэп айтувчи хонандаларни деярли учратмайсиз.

Йилларки, муҳожиратда яшаётганига қарамай, Афғонистондаги ижод аҳли билан алоқаларини узмаган Фарийдун бир кун келиб, барибир, ўз она Ватанимга қайтаман, дейди.

Фарийдуннинг айтишича, энг азалий орзуси бир эмас, бир нечта ва шунда ҳам юлдуз бўлиб, миллиардлар ишлаш эмас: Бир орзуим Ватанимнинг ором бўлиши, кейингиси одамлар бир парча нонга зор бўлмасин ва энг сўнггиси шундай бир ижодий мерос қолдирсамки, ўзбек ёшлари ундан баҳраманд бўлиб, менинг меҳнатимни давом эттиришсин, дейди у.

Йилларки, Эрондаги "Live Records" профессионал овоз ёзиш студияси билан ҳамкорлик қилаётгани, Афғонистон, Эрон, Туркия ва Швейцарияда ўндан ортиқ ашулалар яратишга муваффақ бўлгани, улардан айримларининг шеър ва мусиқаларини ўзи ёзаётганига қарамай, Фарийдун камтарлик билан ўзини ҳануз ҳаваскор қўшиқчи санашини айтади.

Ўз санъати орқасидан дунёнинг қатор давлатларида минглаб мухлислар орттирган ўзбек рэп қўшиқчиси Фарийдун Асқарий билан суҳбатимизда батафсил тингланг.