Кобул ресторанига ҳужумда хорижликлар ҳалок бўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Жума тунида Кобул шаҳрининг Вазир Акбар Хон бўлгасида хорижликлар орасида машҳур бўлган "Лубнон қовоқхонаси"га ҳужум оқибатида 21 инсон ҳалок бўлган.

Бу ҳудуд Кобулнинг аксар хорижий мамлакатлар элчихоналари жойлашган ва қаттиқ қўриқланадиган тумани ҳисобланади.

Кечки пайт худкуш ҳужумчи ресторан олдида ўзини портлатган, шундан кейин қуроллилар бино ичкарисига кириб, у ерда бўлган одамларга қарата ўқ узишни бошлаган.

Ҳалок бўлганларнинг 13 нафари хорижлик бўлган.

Хорижликларнинг Канада, Ливан ва Британия фуқаролари экани хабар қилинмоқда.

Улар орасида Халқаро Валюта Жамғармасининг юқори лавозимли мулозими асли ливанлик Вабил Абдуллоҳ ва БМТнинг тўрт ходими бор.

Ушбу ҳужумни БМТ Бош котиби Пан Ги Мун қоралади.

Ҳалок бўлганларнинг беш нафари аёл.

Кобул расмийларига кўра, камида беш киши яраланган.

Толибон ушбу ҳужумни уюштиргани ҳақида баёнот тарқатган.

Толибонга кўра, бу ресторан ҳужум учун танланганининг сабаби, у ерга хорижликлар кўп ташриф буюрган.

"Лубнон қовоқхонаси" Белгиянинг элчихонаси қаршисида жойлашган.

Шунингдек, бу туманда кўплаб Афғонистон давлат идоралари ҳамда Британия, Дания, Норвегия ва Швеция элчиликлари жойлашган.

Би-би-сининг Кобулдаги мухбирига кўра, портлаш ва отишма овозлари икки километр узоқликда эшитилган.

Отишма ўн дақиқача давом этган.

Ресторан ичида бўлганларга тартибсиз ўқ узган жангариларни ҳодиса жойига етиб келган хавфсизлик кучлари ходимлари отиб ўлдирганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ