Покистон: ҳарбийлар ўтирган автомобил портлатилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Покистон шимоли-ғарбидаги Ҳайбар-Пахтунхва вилоятида содир этилган портлаш оқибатида камида 20 ҳарбий ҳалок бўлган ва ўнлаб аскарлар яраланган.

Портловчи модданинг кучи жуда катта бўлган ва қурбонлар сони ошиши мумкинлигидан хавотирлар бор, деб айтган истиҳборот хизмати вакили "Рейтер" ахборот агентлигига.

Ҳарбийлар маълум қилишларича, портловчи модда аскарларни олиб юриш учун мўлжалланган автомобилга ўрнатилган бўлган.

Бу автомобил эса ижарага олинган бўлган.

Баннудаги ҳарбийлар қароргоҳидан Шимолий Вазиристондаги қавмлар назоратидаги ҳудудга бориш мақсадида аскарлар автомобилга ўтирган пайтлари портлаш рўй берган.

Покистон армияси баёнотида 20 хавфсизлик ходими ҳалок бўлгани, 30 киши жароҳатлангани хабар қилинган.

Покистон Толибони ушбу портлаш учун масъулиятни бўйнига олган.

Толибон ушбу ҳужум ҳаракатнинг раҳбарларидан бири Валиур Раҳмоннинг ўлдирилгани учун ўч олиш бўлган, деб айтган.

Валиур Раҳмон ўтган йили Американинг дрон ҳужумида ўлдирилган.

Бундан олдин Покистон Толибони хавфсизлик кучларига қарши ҳарбий ҳаракатларни кучайтиришга ваъда берган эди.

Ўтган ҳафтада Карочи шаҳрида бомба портлаши жангариларга қарши фаол кураш олиб борган юқори лавозимли полиция зобитининг умрига зомин бўлган.