Сурия мухолифати Женевадаги музокараларда қатнашади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Сурия миллий коалициясининг 22 январда Монтрё шаҳрида "Женева 2" анжуманида қатнашишга розилик бергани Ғарб давлатлари томонидан олқишланди.

Сурия мухолифати аъзолари узоқ вақтдан буён Сурия инқирозини ҳал қилишга бағишланган музокараларда қатнашишдан бош тортиб келаётган эди.

АҚШ Давлат котиби Жон Керри мухолифатнинг розилигини "жасоратли" деб атаган.

Истанбулда гапирган жаноб Керри бу қарор "барча сурияликларнинг манфаатлари учун, Ассад тузуми ва фуқаролар урушидан ҳаддан зиёд азоб чекаётган халқ учун қабул қилингани"ни таъкидлаган.

Британия Ташқи Ишлар вазири Уилям Хейг ҳам бундай қарор Сурия миллий коалицияси учун осон бўлмагани ва ҳар бир келишув Суриянинг келажагида Ассад иштирокига ўрин йўқлигини билдиришини таъкидлаган.

Франция Ташқи Ишлар вазири Лоран Фабиус ҳамкасблари фикрини қувватлаб, Сурия мухолифатининг йўли "тузум томонидан бузғунчиликлар ва босимларга қарамасдан тўғри бўлгани"ни айтган.

Музокаралар мақсади

Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда мухолифатнинг 58 аъзоси анжуманда қатнашишни ёқлаб овоз берган, 14 нафари қарши чиққан ва икки киши бетараф қолган.

Музокаралардан кўзланган мақсад - Сурияда ўтиш даври ҳукуматини тузиш ва қон тўкилишларига барҳам бериш.

Бундан олдин Британия ва Қўшма Штатлар Сурия мухолифати тинч музокараларда қатнашишдан бош тортса, кўмак берилиши тўхтатилишини билдирган эди.

Женевада ўтадиган музокараларда Башар ал-Ассад ҳукумати вакиллари ва мухолифат аъзолари музокаралар даврасига ўтиришади.

"Женева-2" анжуманида Россия, АҚШ, Хитой, Франция, Британия ва 30 дан ортиқ мамлакат делегатлари қатнашиши кутилмоқда.

Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров музокараларда жараёнга катта таъсири бўлган Эрон вакили қатнашишини таклиф қилган.

Бироқ бу таклиф ҳали маъқулланмаган.

БМТ ҳисоботига кўра, Сурияда қарама қаршиликлар бошланган 2011 йилдан буён 100 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлган.

Қочқинлар сони икки миллиондан ошган.

Олти миллион беш юз минг киши яшаб турган жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ