Президент Путин: Сочи ўйинлари пайти 40 минг киши хавфсизликни таъминлайди

  • 20 Январ 2014
Image copyright BBC World Service

Сочи Қишки Олимпиадаси тобора яқинлашар экан, ўзини "Ансар ал-Сунна" гуруҳининг аъзолари деб эълон қилган одамларнинг видеомурожаати Интернетда пайдо бўлган.

Бу видеода ўзларини исломий жангарилар деб атаган шахслар Сочи олимпиадаси пайти террорчилик ҳужумлари ташкил этиш билан таҳдид қилган.

Видеодаги икки қуролланган киши Волгоград шаҳрида ўтган декабр ойи охирида содир этилган ҳужумларни ташкиллаштирганини айтади.

АҚШда жойлашган террорчилик таҳдидларини кузатиш билан шуғулланадиган SITE Monitoring Service интернет хизматига кўра, видеодалавҳадаги Сулаймон ва Абдул Раҳмон Волгограддаги портлашларни содир этган шахслардир.

19 январа куни эълон қилинган видеода акс этган икки киши Россия Президенти Владимир Путинга мурожаат қиладилар, Россия раҳбари ва Олимпиада меҳмонлари учун "совға" ҳозирланганини айтадилар.

Ушбу видео борасида Россия ҳуқуқ-тартибот органлари ҳозирча изоҳ бермаган.

Таҳдидлар

Айни пайтда америкалик конгрессменлар Олимпиада Ўйинлари пайтидаги хавфсизлик борасида хавотирларини билдирмоқда.

"Бу хатарлар аниқ. Улар Олимпиада пайти ҳужумларга даъват этмоқда. Ўйлашимча, биз буни содир қилишга уринишларни кўришимиз мумкин",- деб айтган АҚШ Конгресси миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари, республикачи Майкл Маккол Эй-би-си телеканалига.

Конгрессменга кўра, россиялик ҳамкасблари билан яхши ҳамкорлик ўрнатилган ва мусобақалар пайти йигирмадан ортиқ Федерал Истиғборот Хизмати ходимлари Сочида бўлишади.

Шу билан бирга, у Россия ва Қўшма Штатлар ўртасида хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик "янада яхши"бўлиши кераклигини уқтирар экан, Сочида фавқулодда вазиятлар муносабати билан эвакуация режалари ҳақида кўпроқ маълумот берилиши керак, дейди.

Яна бир америкалик конгрессмен Майк Рожерснинг Си-эн-эн телеканалига айтишича, АҚШ Россиядан Шимолий Қофқоз минтақасидаги террорчиликка ҳамма маълумотларни олмайди. Олимпиада мусобақалари пайти америкалик спортчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун бундай маълумотлар зарур, деган республикачи Майк Рожерс.

Хавфсизлик чоралари

Айни пайтда Россия Президенти Владимир Путин Сочи Олимпиадасида 40 минг ҳуқуқ-тартибот идоралари ва хавфсизлик ходимлари жалб қилинишини билдирган.

"Ўйлайманки, хавфсизлик чоралари шундай ташкил қилинадики, кўзга яққол ташланмайди ва Олимпиада иштирокчиларига таъсир қилмайди", деб айтган жаноб Путин россиялик ва хорижий журналистларга берган интервюсида.

Сочи Қишки Олимпида ўйинлари пайти хавфсизлик қандай таъминланиши борасидаги хавотирлар Волгоградда декабр охирида содир этилган икки портлаш орқасидан кучайди.

Волгоград вокзали ва троллейбусида юз берган икки худкуш ҳужум 34 инсоннинг умрига зомин бўлган, 70 дан ортиғи яраланган.

Бу мавзуда батафсилроқ