HRW: 'Ўзбекистонда қийноқлар мунтазам қўлланади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи HRW
Image caption HRW ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини поймол этишнинг барча кўринишлари кузатилади

Инсон ҳақларини ҳимоя қилиш Human Rights Watch (HRW) ташкилотига кўра, 2013 йилда дунёнинг қатор давлатларида демократик қадриятлардан чекиниш кузатилган.

Суриядаги қирғин қаршисида халқаро ҳамжамиятнинг ожизлиги ва Америка Қўшма Штатларида юзага чиққан мислсиз жосуслик амалиётлари ҳисоботда тилга олинган асосий жиҳатлардан.

Ўзбекистонда эса, HRW айтишича, инсон ҳуқуқларини поймол этишнинг барча кўринишлари давом этган ва аянчли аҳвол сақланиб қолган.

Айни пайтда HRW Ўзбекистон мустақил текширувлар учун деярли мутлақ ёпиқлигини ҳам таъкидлаб ўтган.

"Сўз эркинлиги ўта чекланган," - дейилади ҳисоботда.

Ташкилотга кўра, ўзбек расмийлари мамлкатдаги ҳуқуқ фаолларига тазйиқ ўтказиш, хориждагиларини ҳақоратлаш ва давлат назоратидан ташқарида бўлган диний фаолларга тазйиқлар ўтказишни давом эттирган.

Катта ёшдагилар ва болларни мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳоллари ҳам давом этган.

HRW айтишича, Ўзбекистон адлия тизимида қийноқлар мунтазамлигича қолмоқда.

"Ўтган апрел ойида Халқаро Қизил Хоч ташкилоти ноодатий қарорга бориб, Ўзбекистондаги қамоқларни бориб кўриш миссиясини тугатаётганини ошкора маълум қилди. Халқаро Қизил Хоч қамоқларни бориб кўришга таалуқли халқаро стандартларга Ўзбекистонда роия қилишга қодир эмаслиги, хавотир уйғотаётган ҳамма маҳбуслар билан учраша олмаслиги ва улар билан алоҳида суҳбатлаша олмаслигини билдирди", - дея таъкидланади HRW ҳисоботида.

Ҳисоботда қалбаки айбловлар билан ўнлаб фаоллар ҳисбда қолаётганли ҳам эслатиб ўтилган.

Улар орасида Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Фармонов, Меҳринисо Ҳамдамова, Зулхумор Ҳамдамова, Дилмурод Сайид ва қатор бошқа фаоллар санаб ўтилган.

Адолатсиз равишда ўтказилган маҳкама ва сиёсий айбловлар билан ҳибсда қолаётган мухолифат вакиллари орасида эса Муҳаммад Бекжон, Хайрулло Ҳамидов, Матлуба Каримова, Мурод Жўраевлар ва бошқа шахслар эсга олинган.

Бундан ташқари ўтган март ойида ҳуқуқ фаоли Лариса Григореванинг 16 ёшли ўғли Григорий қалбаки айловлар билан қамоқ жазосига ҳукм қилингани, уни тергов пайтида айбловларга иқрор қилиш учун дўппослаганлари ва шундан сўнг касалхонага ётишга мажбур бўлгани ҳақидаги даъволарини ҳакам умуман эътиборга олмагани далил сифатида келтирилган.

Ҳисоботда шунингдек, 2005 йилги Андижон қирғинига ҳам тўхталиб, ҳодисалардан 8 йил ўтган эса-да, ҳукумат мустақил текширув ўтказишга ҳамон рухсат бермаётганини қайд этилган.

HRW икки ёки учдан ортиқ фарзанд кўрган аёлларни, айниқса, қишлоқ ҳудудларида стерелизация қилишга мажбурланганлари ҳақида ишончли хабарларни қўлга киритганлигини айтган.

Ташкилот тақводор ва намозхон инсонларни таъқибу тазйиқ этиш давом этгани ҳақидаги маълумотларни Мустақил Инсон Ҳуқуқлари Ташаббус Гуруҳининг апрел ойида чиқарган рақамлари билан дастаклаган.

Ташаббус Гуруҳи ҳозирда Ўзбекистонда 12 мингга яқин киши "диний экстремизм" айблари билан қамалганини тахмин қилган.

Улардан 200 киши 2013 йил давомида қамоққа ташланган.

HRW айтишича, бу каби инсон ҳуқуқларининг қўпол бузилиши ҳолатларига қарамай, АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи, Афғонистондаги вазият туфайли, Ўзбекистон билан алоқаларни янада яқинлаштиришга ҳаракат қилганлар.

Бу мавзуда батафсилроқ