Украина: Киев кўчаларида тартибсизликларнинг иккинчи туни

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Намойишчилар баррикадалар қуриб, автоуловларга ўт қўйишган

Украина пойтахти Киев шаҳри марказида икки кундирки қонли тўқнашувлар давом этмоқда.

Тартибсизликларнинг иккинчи тунида ёш йигитлар Украина парламентига элтувчи йўлни қўриқлаётган полиция сафларига қарата молотов коктейлларини улоқтирганлар.

Полиция эса қўлга тушган баъзи намойишчиларни аёвсиз калтаклаган.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров баъзи оврўполик сиёсатчиларни украиналикларни намойишларга гиж-гижлашда айблаган.

У вазият издан чиқаётгани ҳақида огоҳлантирган.

Украина президенти Виктор Янукович ҳам зўравонликлар мамлакат барқарорлигига таҳдид солаётганини айтган.

Ўтган ҳафта тасдиқдан ўтган намойишларни тақиқловчи баҳсли қонунлар кучга кириши кутилмоқда.

Оврўпо Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари томонидан танқид қилинган чоралар жумласига жамоат жойларида чодирлар қуришни тақиқлайди ва намойиш ўтказишга уринганларни йирик миқдордаги жарималарга тортиш ёда қамоққа ташлашни назарда тутади.

Мухолифат намойишчилари ўтган йил ноябридан буён Киев марказида чодирлар қуриб, ҳукумат истеъфосини талаб қилишмоқда.

Улар Украина ҳукуматини Оврўпо Иттифоқи билан шартнома имзолаш ўрнига Москва билан яқин алоқалар ўрнатишга уринаётганликда айблашади.

Зўравонликлар

Би-би-си мухбири Даниел Сандфорднинг Киевдан сешанба куни эрталаб юборган хабарига кўра, ёниб кетган автобуслар ва баррикадалар ортида саф тортган полиция парламентга элтувчи йўлни ҳамон назорат қилиб турибди.

Унга кўра, тартибсизликлар тўхтаган, бироқ кечга бориб яна қайтадан бошланиши мукинлиги ҳақида хавотирлар бор.

Полиция ва намойишчилар ўртасида тўқнашувлар тун бўйи давом этган.

Полиция уларга ҳамла қилган юзлаб ёшларга қарши кўздан ёш сиздирувчи газни ишга солган.

Украина Ички ишлар вазирлиги хабарига кўра, сўнгги тўқнашувлар пайтида 80 нафар полиция ходими турли даражадаги жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.

Вазирликнинг маълум қилишича, камида 32 нафар намойишчи ҳибсга олинган.

Маҳаллий матбуотга кўра, ҳибсга олинганларнинг 13 нафари "оммавий тартибсизликлар"ни қўзғатганлари учун 15 йилга қадар озодликдан маҳрум этилишлари мумкин.

Мухбиларга кўра, зўравонликлар кўлами мухолифат жамлоғи - Мустақиллик Майдонига яқин кичик бир ҳудуд билан чекланган эса-да, сиёсий лидерлардан ҳеч бири уларни тўхатишга қодир қўла олишмаётирлар.

Мухолифатнинг икки етакчи вакили, бокс бўйича собиқ жаҳон чемпиони Виталий Кличко ва Арсений Ятсенюк зўравонликларга айланиб кетган намойишларни қоралашган.

Баъзилар "Ўнг Сектор" номли ўта ўнг қанот гуруҳни тартибсизликларни бошлаганликда айблашади.

Жаноб Кличко ҳукуматни намойишларни тартибсизликларга айлантириш орқали мамлакатда фавқулодда вазият жорий этишни режалаштираётганликда айблаган.

Намойишларни тақиқловчи қонунлар ўтган ҳафта парламент томонидан қабул қилинган ва сешанба куни "Голос Украины" газетасида чоп этилганди.

Кузатувчиларга кўра, мазкур қонунлар дарҳол кучга кириши мумкин.

Янги қонунларга кўра, давлат бинолари ўнгини тўсиб қўйган ҳар қандай шахсни ҳибсга олишни ва намойишлар пайтида ниқоб ва каска тақишни тақиқлашни назарда тутади.

Янги ҳужжатга кўра, шунингдек, жамоат жойларида рухсатсиз жамлоқ қуриш ман қилинади ва ҳукумат мулозимларини қоралаш жиноятга тенглаштирилади.

Бу мавзуда батафсилроқ