Киевдаги намойишларда дастлабки қурбонлар

Украина пойтахти Киевдаги намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашувларда уч киши ҳалок бўлган.

Расмийлар улардан икки нафари ўқ отар қуролдан ҳалок бўлганлигини тасдиқладилар.

Бу ноябр ойида Украина ҳукумати Оврўпо Иттифоқи билан битимни имзолашдан бош тортганидан бери бошланиб кетган норозиликларда биринчи бор қурбонлар берилишидир.

Чоршанба кунидаги тўқнашувлар полиция намойишчилар лагерини тарқатиб юборишга киришганидан сўнг бошланиб кетган.

Хабар берилишича, айни вақтда президент Виктор Янукович мухолифат вакиллари билан можарони ечиш йўлларини излашга қаратилган музокараларни олиб бормоқда.

Бу галги намойишларни ўтган ҳафта норозилик акцияларини жиноий амал сифатида талқин қилувчи қонуннинг тасдиқланиши келтириб чиқарганди.

Ўшандан бери давом этиб келаётган намойишларда юзлаб инсонлар жароҳатланган.

Баъзилар зўравонликларнинг келиб чиқишида у қадар таниқли бўлмаган Ўнглар Сектори гуруҳини айбламоқдалар.

Айни вақтда Украинадаги АҚШ элчихонаси зўравонликларга алоқадор кўрилган қатор шахслар учун аввал берилган визаларни бекор қилганлигини билдирган.

Визалари бекор қилинган шахсларнинг исмлари ошкор этилмаган, аммо "жорий зўравонликларга алоқадор кўрилганларга қарши қўшимча чоралар кўриш илинжида" эканлиги айтилган.

Тўқнашувлар

Чоршанба кунги тўқнашувлар Хрушевский кўчаси ҳудудида, асосий намойишлар ўтаётган Мустақиллик майдонига яқин ерда бўлиб ўтгани хабар қилинмоқда.

Нисбатан тинч ўтган тундан сўнг, эрта билан соат 6 да полиция Хрушевский кўчасидаги намойишчилар лагерига бостириб кира бошлаган.

Буркираб ёғаётган қор вазиятида полиция ҳибсга олишларни бошлаб юборар экан, икки ўртада тўқнашувлар юз берган.

Телевидение орқали олиб кўрсатилган тасвирларда намойишчилар полицияга тош ва мушакларни отаётганлари кўринади.

Кейинчалик намойишчилар Мустақиллик майдонига, полиция эса ўз аввалги мавқеларига чекинишган.

Мамлакат Бош прокурорининг айтишича, ўқ отар қуролдан ҳалок бўлган икки кишининг жасади тўқнашувлар бўлиб ўтган ерда Миллий кутубхона биносига яқин ерда топилган.

Намойишчиларни қўлловчи тиббий ходимларга кўра, улардан камида биттасида кўп сонли ўқ жароҳати бўлган ва уларнинг даъво қилишларича у снайпер томонидан ўлдирилган.

Яна бир намойишчи Динамо футбол стадионида баланддан йиқилиб тушиб, олган жароҳатлари туфайли оламдан ўтган.

Бош вазир Микола Азаров полиция кучлари ўқ отар қуролдан фойдаланишмагани ва ўлимлар учун масуъл эмасликларини айтган.

"Бу ўлимлар учун масуълият оммавий тартибсизликларни ташкиллштирганлар ва баъзи иштирокчилар гарданида ва виждонида", деди жаноб Азаров.

Пешинга яқин намойишчилар баррикадаларига яна минглаб кишилар етиб келдилар. Уларнинг аксари қурувчилар каскарларини кийиб олишганди, бу янги қонунинг ниқоб ва ҳимояловчи уст-бош кийишни тақиқловчи моддасига қарши норзилик рамзидир.

Қонун шунингдек, жамоат биноларини тўсиб олганлар учун қамоқ жазоси белгиланишини назарда тутиб, жамоат ерларида чодирлар тиклашни тақиқлайди.

Бу мавзуда батафсилроқ