Россия Олий маҳкамаси Платон Лебедевни қўйиб юбориш ҳақида қарор қабул қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ходорковский ҳам, Лебедев ҳам 2005 йил ҳибс қилинганди...

Россия Олий маҳкамаси собиқ нефт корчолони ва Кремлнинг танқидчиси Михаил Ходорковскийнинг бизнес ҳамкори Платон Лебедевни қамоқдан озод қилишга буйруқ берган.

Икковлон ҳам 2005 йил ҳибс қилинган ва Михаил Ходорковский ўтган ой озод қилинганди.

Платон Лебедев Россияда қамоқдан қўйиб юбориладиган яна бир таниқли сиёсий маҳбусдир.

Мазкур қадамлар Президент Владимир Путин Сочида келаси ой ўтказилиши кутилаётган Қишки Олимпиада ўйинлари олди инсон ҳуқуқлари ва демократия борасидаги танқидларни юмшатишга уриниши сифатида талқин қилинмоқда.

Ходорковский ва Лебедов солиқлардан бўйин товлашда айбланган ва кейинроқ бошқа айбловлар бўйича ҳам озодликдан маҳрум қилинганди. Лебедов май ойида қамоқдан чиқиши керак бўлган. Бироқ, Олий Маҳкама унга берилган жазо муддати камайтирилиши борасида қарор чиқарган.

"Лебедевни қўйиб юборинг", дея хитоб қилган Олий Маҳкама ҳаками Петр Серков.

Платон Лебедевнинг ҳимоячиси Владимир Красновнинг сўзларига кўра, унинг мижози пайшанба куннинг ўзида қўйиб юборилиши мумкин.

Аммо, маҳкама Лебедев ва Ходорковсий 17 миллиард рубл (521 миллион доллар) солиқни тўлаши лозимлиги ҳақидаги қарорини ўзгартирмаган.

Владимир Путин бир пайтлар Россиянинг энг бадавлат одами ва ЮКОС нефт ширкатининг раҳбари бўлган Михаил Ходорковскийни ўтган ой авф қилганди. Қамоқдан чиққан Ходорковский мамлакатни тарк қилган. Айнан бўйинларига қўйилган солиқ тўлови ҳозир унинг Россияга қайтишига тўсиқ экани айтилади.

Ходорковсий ва Лебедев инсон ҳуқуқлари гуруҳлари тарафидан сиёсий маҳбуслар саналган. Кремл эса, уларга қарши маҳкамалар ортида сиёсий важлар турганини рад этиб келган.

Бу мавзуда батафсилроқ