Горбачев Украинага ёрдам сўраб Путин ва Обамага мурожаат этди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украинада аксил-ҳукумат намойишчилар ва полициянинг қонли тўқнашувлари давом этар экан, СССР Президенти Михаил Горбачев 23 январда Россия ва АҚШ президентларига мактуб йўллаб, уларни тараққиёт йўлига қайтишда Украинага ёрдам беришга чақирган.

Жаноб Горбачевнинг мактуби Россиянинг "Московский Комсомолец" нашрида чоп қилинган.

Айни дамда Украина мухолифат раҳбарлари ҳукумат билан музокаралари иш бермагач, Президент Виктор Януковичга қарши ультиматум эълон қилганлар.

Мухолифат раҳбарларидан бири, "Удар" партияси раҳбари Виталий Кличко, агар ҳукумат фавқулодда сайловларни чақирмаса, унинг ўзи Оврўпопараст намойишчиларга Киевга қарши ҳужумда бошчилик қилишини айтган.

Чоршанба куни тўқнашувларда икки намойишчи ҳалок бўлган.

Қуйида Михаил Горбачев мактубининг тўла матни:

Ҳурматли Владимир Владимирович!

Ҳурматли Барак Обама!

Мен ҳозиргина "Инсон ҳуқуқлари учун" ҳаракатининг ижрочи директори жаноб Пономаревнинг мурожаатномаси билан танишиб чиқдим. Унда у сизнинг иккингизни Украинадаги зўравонликни зудлик билан тўхтатиш ва оммавий қон тўкилишининг олдини олиш йўлида Украинадаги музокараларга ташаббускор бўлиб чиқишинингизга чақиради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Горбачев Россия ва Украиналиклар яқинлиги ҳақида гапириб, марҳум рафиқасининг украин миллатига мансуб бўлганини айтади

Мен бу чақириқни тўлалигича қўллаб-қувватлайман. Аминманки, бу мақсадга етишишга қодирсизлар. Курашаётган томонлар музокаралар столига ўтиришлари лозим.

Ҳозир ҳар икки томон бир-бирини айблаяти. Украинадаги вазиятнинг ёмонлашишига сабабчиларни Россиядан, Ғарбдан, Украина ҳукумат идоралари ва Украина мухолифати сафларидан қидиришаяпти. Бу вазиятни янада қийинлаштиради, холос. Ҳозир ким айбдорлигини қидириш вақти эмас. Энг асосийси - вазиятнинг ўта хавфли тарзда назорат остидан чиқиб кетишини бартараф қилиш.

Киевдаги воқеалар ривожи нафақат Украина ва унинг қўшнилари, балки Оврўпо ва бутун дунёга таъсир қилишини инкор қилиб бўлмайди.

Мен, Россиядаги кўплаб одамлар каби, Украинада бўлаётган ҳодисаларни юрагимга жуда яқин қабул қиламан. У ерда вазият миллатнинг, жамиятнинг бўлиниб кетиши билан якун топишини тасаввур ҳам қилолмайман. Бу ҳавотирларни тушунса бўлади. Россия ва Украина асрлар оша яқин бўлиб келганлар. Гап фақат тарихий ришталар ҳақида кетмаяпти. Гап одамлар ўртасидаги яқин қариндош-уруғчилик муносабатлари ҳақида кетаяпти.

Бунга мисол топиш учун узоққа бориш шарт эмас. Менинг оиламда онам украинка эди, отам - рус. Марҳум рафиқам Раиса Максимовна украинка эди. Бундай мисоллардан минглаб келтириш мумкин. Халқимиз ва мамлакатларимизнинг қон ришталари ҳақида очиқча гапириш мумкин.

Украиналиклар украиналиклар билан жанг қилишига йўл қўйиб бўлмайди. Бу даҳшатли абсурд. Лекин, афтидан, вазият шундай характерни касб этган, ва икки давлатимизнинг энг юқори даражали вакилларининг ёрдамисиз бу фожеа билан якун топиши мумкин.

Владимир Владимирович, жаноб Обама, мен сизлардан Украинани тинч тараққиёт йўлига қайтиши учун имконият топиб дадил қадам қўйишингизни илтимос қиламан.

Мен сизлардан умидим жуда катта.

Эҳтиром ила

Михаил Горбачев