Ҳинд қишлоғи оқсоқоллари аёлнинг "жинсий зўрланишини буюришган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ўтган йили талаба қизнинг зўрлаб ўлдирилиши йирик намойишларни келтириб чиқарганди

Ҳиндистоннинг Ғарбий Бенгол штатида полиция аёлни гуруҳ бўлиб жинсий зўрлаган 13 кишини ҳибсга олган. Даъво қилинишича, аёлнинг ишқий алоқаларини жиноят деб кўрган қишлоқ оқсоқоллари унинг зўрланишини буюрганлар.

20 ёшли қурбон аёл аҳволи оғир ҳолда касалхонага ётқизилган.

Ҳиндистон қишлоқларидаги норасмий маҳкамалар кўп ҳолларда маҳаллий анъаналарни бузган жуфтликларнинг ўлдирилишини ҳам буюрадилар.

Жинсий зўравонлик мавзуси 2012 йилда Деҳлидаги автобусда талаба қиз бир гуруҳ эркаклар томонидан зўрланиши ортидан нобуд бўлганидан сўнг жамоатчилик диққати марказида бўлиб келмоқда.

Талабанинг вафоти ортидан юзага келган мисли кўрилмаган норозилик намойишлари туфайли ҳукумат жинсий зўравонликларга қарши жазо чораларини кескинлаштирган.

Бироқ, аёлларга қарши зўравонлик Ҳиндистоннинг ўта патриархал жамиятига чуқур сингиб кетган.

Полициянинг хабар қилишича, душанба оқшомида юз берган охирги ҳодисага қабилавий аёлнинг Бирбҳум туманидаги бошқа қишлоқ яшовчиси билан ишқий алоқага киргани сабаб бўлган.

Кланларга асосланган қишлоқ кенгашлари оқсоқоллари Ҳиндистоннинг чекка ҳудудларида катта таъсирга эгалар. Улар маҳаллий урф-одатларга зид деб кўрилган амаллар учун қаттиққўл жазо чораларини белгилайдилар.

"Жинояти - севиб қолгани"

"Бу ишқий алоқа камида беш йилдирки давом этган. Эркак душанба оқшомида қизнинг қўлини сўраб унинг уйига келганида, қишлоқ аҳли уни кўриб қолганлар ва "кенгуру маҳкамаси"ни ташкил қилганлар. Маҳкама иши давомида икковлон қўллари боғлиқ ҳолда ўтирганлар," - деб айтди Бирбҳум полицияси раҳбари Си Судҳакар Би-би-сига.

Унинг айтишича, бош оқсоқол икковлонга "севиб қолиш жинояти" учун 25000 рупий (400 доллар) жарима солган.

Эркак жаримани тўлаган, аммо аёлнинг оиласи жаримани тўлашга қурби етмаган.

Аёлнинг узоқ қариндоши ҳисобланмиш оқсоқол сўнгра аёл жинсий зўрланишини буюрган, деди жаноб Судҳакар.

"Оиласи тўлай олмаяпти, шундай экан, боринглар, қизни олиб кўнгилҳушлик қилинглар," - деб айтган оқосол, аёл оиласининг шикоятига кўра.

Ҳодиса билан боғлиқликда ҳибсга олинган 13 эркак орасида оқсоқол ҳам бор. Улар пайшанба куни маҳкамага тортилганлар ва 14 кунга ҳибсхонада сақланишлари қарор қилинган.

Ҳужум душанба оқшомида юз берган бўлсада, аёлнинг оиласи чоршанбагача полицияга мурожаат қилишга ботина олмаган. Аёл чоршанба оқшомида касалхонага ётқизилган.

Маҳаллий расмийлар ҳозирда унинг муолажаси билан беш тиббий ходим шуғулланаётганини билдиришди.

Полицияга кўра, Бирбҳумдаги қишлоқ оқсоқоллари 2010 йилда уч аёлнинг қип-яланғоч ҳолда оломон қаршисида сазойи қилинишини буюрганлар.