Cурия Женева музокараларини тарк этиш билан таҳдид қилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Валид Муаллим ва у етакчилик қилган ҳайъат музокараларни тарк этиш билан таҳдид қилган

Сурия ҳукумати ҳайъати шанба кунига қадар "жиддий" мулоқот бошланмас экан, Женевадаги музокараларни тарк этишини билдирган.

Бу ҳақда Ташқи ишлар вазири Валид Муаллим БМТ музокарачиси Лаҳдар Браҳими билан мулоқоти ортидан Сурия давлат матбуоти орқали чиқарган баёнотида билдирган.

Жаноб Браҳими жума куни тушликдан кейин Сурия мухолифати билан алоҳида учрашув ўтказиши кутилмоқда.

Мухбирларга кўра, иккала томон ҳам турли мавқеъда бўлгани учун музокараларда аввал бошдан илгарилаш кузатилмаётир.

БМТга кўра, Сурияда уч йилдан буён давом этаётган можарода 100 мингдан зиёд инсон ҳалок бўлган.

Зўравонликлар туфайли яна 9,5 миллион инсон ўз уй-жойларини ташлаб чиққан.

Бу ҳолат Сурия ичкариси ва қўшни давлатларда йирик бўҳронни юзага келтирган.

Тисарилиш

Бугун Женевада бошланган анжуманнинг учинчи кунидир.

Дастлаб икки тараф учрашуви ташкиллаштириши кутилган эди, бироқ кейинчалик БМТ музокарачиси улар билан алоҳида-алоҳида мулоқот ўтказиши маълум бўлган.

Иккала томон ҳам бир-бирини мулоқотдан тисарилишда айблайди.

Сурия ҳукумати ҳайъати мухолифат раҳбари Аҳмад Жабра берган баёнотдан шикоят қилганлар.

Баёнотда Аҳмад Жабра президент Башар ал-Ассад ва унинг режими "сиёсий мурда" экани ва Сурия келажагида улар учун ўрин йўқлигини билдирган.

Ўз ўрнида мухолифат Сурия ҳукумати бир ярим йил муқаддам тайёрланган Женева шартномасини имзоламас экан, у билан юзма-юз мулоқот ўтказмаслигини айтган.

Мазкур шартномага кўра, Сурияда ўтиш даври ҳукумати таъсис этилиши лозим.

Бу мавзуда батафсилроқ