ИИВ: Украинадаги ғалаённи тинч йўл билан ҳал этиш ҳаракати "бефойда"

  • 25 Январ 2014
Image copyright n

Украина Ички Ишлар Вазирлиги Мустақиллик майдонидаги намойишчилар лидерларидан гўёки улар қўлга олган икки милиционерни озод қилишни талаб қилган ва акс ҳолда уларни озод қилиш йўлида "чоралар" кўришини айтиб огоҳлантирган.

Вазирлик маълумотига кўра, милиционерларни Крещатик мавзесидаги Киев шаҳар маъмурияти биносида ушлаб туришибди.

Вазир Виталий Захарченконинг, шунингдек, таъкидлашича, Касаба уюшмалари уйи ва Киев шаҳар маъмурияти биносига намойишчилар қурол-яроғ тўплашмоқда. Майдондаги лидерлар ҳали бу даъвога изоҳ беришмади.

Жаноб Захарченко Украинадаги ғалаённи тинч йўл билан ҳал қилиш ҳаракатли "бефойда" эканини айтди.

Image copyright Getty Images

Миллий қаршилик штаби намойишчилар милиционерларга ҳужум қилгани ва қўлга олганинини рад этиб, бу хабарларни милициянинг провокацияси дея баҳолашган.

Аввалроқ, ИИВ Киевда бир милиционер отиб ўлдирилгани, ва яна бир нафари пичоқланганини хабар қилган.

Айни дамда, Украина телевидениесининг 5-канали хабар беришича, шанбага ўтар кечаси Евромайдоннинг 45 ёшли фаоли Роман Сеник касалхонада жон берган. 22 декабрда юз берган тўқнашувларда у оғир яраланган ва 3,5 литр қон йўқотган.

Охирги вазият

Шанбанинг биринчи қисми Киевда милиция ва фаолларнинг қаттиқ тўқнашувларисиз ўтди.

Лекин, тун давомида мухолифатчилар тош ва петардаларни отиб, Грушевский кўчасида елим ғилдиракларни ёқишда давом этганлар. Милиция ёруғлик ва қаттиқ сас чиқарувчи гранаталар ва кўзни ёшлантирувчи газ билан жавоб қайтарган.

Би-би-си мухбири Олег Болдыревнинг хабар қилишича, ҳозирча вазият нисбатан тинч, лекин фаоллар тез-тез ҳукумат шаънига тегадиган шиорларни айтиб қичқирмоқдалар. Милиция ҳам узуқ-юлуқ жавоблар қайтараяпти.

Аввалроқ Украина Президенти Виктор Янукович шу кунларда қабул қилинган намойишчилар ҳуқуқларини кескин чеклайдиган янги қонунга парламентнинг келгуси фавқулодда сессиясида ўзгартиришлар киритилишини ваъда қилган.

Image copyright AP

У, шунингдек, ҳукумат таркибига ўзгартиришлар киритиш, ҳамда оғир жиноятларни амалга оширмаган тутқундаги барча намойишчиларни авф этишини айтган.

Лекин, намойишчилар президентнинг ўзи истеъфога чиқишини талаб қилаяптилар.

"Свобода" партияси раҳбари Олег Тягнибок Майдондаги минбардан барча маҳаллалар яшовчиларини ўз-ўзини ҳимоя қилиш учун отрядлар тузишга ва ҳокимиятни ўз қўлларига олишга чақирган. Уни яна икки мухолифат раҳбари Виталий Кличко ва Арсений Яценюк қўллаб-қувватлашди.

Жума куни аксил-ҳукумат намойишлар пойтахт Киевдан ташқарига ҳам тарқалган. Намойишчилар қатор вилоят маъмурияти биноларини эгаллаб олганлар.

Image copyright Reuters