Шинжоннинг Оқсувида нималар бўлмоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Хитойнинг давлат назорати остидаги оммавий ахборот воситалари тарқатаётган хабарларга кўра, 24 январ, жума куни Шинжон Уйғуристонининг Оқсувида юз берган тўқнашувларда 12 киши ҳалок бўлган.

Полицияга иқтибосан Хитой матбуоти бу тўқнашувларни "террорчилар" содир этгани ҳақида ёзади.

Полиция портлаш оқибатида олти инсон ҳалок бўлгани, кейин полициячилар олти кишини отиб ўлдиргани ҳақида хабар тарқатган.

Мусулмон Уйғурлар озчиликка айланиб бораётган Шинжонда охирги йилларда тўқнашувлар сони ортган.

Шинжондан келаётган ахборотни текшириш қийин, чунки Хитой расмийлари у ерда бўлаётган воқеалар ҳақидаги хабарларни қаттиқ назорат қилади ва четга чиқишига йўл қўймасликни истайди.

Одатда расмийлар зўравонликларда экстремистларни айблайди.

Уйғур фаолари эса Хитой ҳукуматининг Уйғурларга кўрсатаётган босими норозиликларни келтириб чиқараётганини айтадилар.

Хитойнинг "Синхуа" ахборот агентлиги хабарида айтилишича, жума куни тушдан кейин Оқсувдаги сартарошхона ва бозорда портлаш рўй берган. Оқибатда олти инсон ҳалок бўлган.

"Синхуа" шундан кейин полиция ходимлари олти гумондорни отиб ўлдиргани, яна беш кишини ҳибсга олгани ҳақида хабар қилади.

Хитойнинг асосий давлат ахборот агентлиги ҳодисани "ташкиллаштирилиб бошқарилган террорчилик хуружи" деб атаган.

Бироқ нега айнан сартарошхона ва бозор нишонга олингани сабаби тушунтирилмаган.

Жаҳон Уйғурлари Конгресси сўзчиси Дилшод Роҳат айтишича, сартарошхона фоҳишахонанинг биқинида жойлашган ва фоҳишахона одамларни ғазаблантирган бўлиши мумкин.

Бу мавзуда батафсилроқ