Саудия Арабистони: Қандай қилиб шунча одам Твиттерга ошиқ?

  • 29 Январ 2014
  • изоҳлар
Image copyright BBC World Service

Худди шу хаштаг остида қўйилган саволга аксарият саудия арабистонликлар берган жавобга қаралса, Твиттер улар учун ўта анъанадор ва исломий жамиятда ўз ҳис-туйғуларини эркин ифодалашнинг ягона имконияти.

Бу хаштаг Саудия Арабистонидаги Твиттер фойдаланувчиларини қанчалик бефарқ қолдирмаганига эса, оддийгина рақамларнинг ўзи ҳам далолат қилади: Дейлик, ўтган сешанба кунидан буён худди шу хаштаг билан 10.000 дан ортиқ твит қилинган.

Ўз ўрнида шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, саволнинг ўзи ҳам ноўрин қўйилмаган. Чунки Твиттер фойдаланувчилари сони бўйича Саудия Арабистони дунёнинг энг илдам давлатлари қаторида.

Аммо Саудия Арабистони мисолида энг қизиқарли жиҳати шундаки, бу – интернет ёки уяли телефон тармоғига имкониятнинг қанчалик катта экани каби техник омилларга боғлиқ эмас.

“Чунки биз Твиттер орқали ҳақиқий ҳаётда тилимизга чиқара олмаган гапларни айта оламиз. Твиттер бизнинг таъқиблар остидаги ҳаётимизда қўрқмасдан нафас олишнинг ягона имконияти”, - дейилади твитларнинг бирида.

“Твиттер – биз учун ҳақиқий демократия. Твиттер орқали барча – бой ва камбағал, шаҳзода ва оддий фуқаро ҳам кўнглидаги гапини айта олади”, - деб ёзилади бошқасида.

Қолган минглаб твитларнинг мазмуни ҳам худди шунга ўхшашиб кетади.

Янада тўғрироғи, уларнинг барчасини оғзи ва кўзлари тўсилган ва “Чунки вазият бундан аввал мана бундай эди” сўзлари илова этилган юқоридаги суратга жамласа бўлади.

Аммо лекин ҳам бор...

Аммо саудия арабистониликлар ижтимоий мулоқот тармоқларидаги эркинликка шукр қилишаётган бўлса керак, деган ғарблик учун анчайин киноявий воқеъликни ҳам назардан қочириб бўлмайди: твитларининг ширк ёки номақбул экани айтилиб, қамоқ жазосига ҳукм қилинган саудияликлар ҳам оз эмас.

Яъни, сиз Саудия Арабистонида истаган мавзуда твит қилавераман, десангиз адашасиз.

Агар, подшоҳлик оиласи ёки Ислом динига тил теккизсангиз, бунинг оқибатлари яхши бўлмаслиги тайин.

Дейлик, саудия арабистонилик интернет фаоли ва блоггернинг воқеаси бунга бир мисол каби: у худди шундай қилгани учун 7 йиллик қамоқ жазоси ва 600 дарра калтакка ҳукм этилган.

Бу эса, Саудия Арабистонида Твиттер кўпроқ ижтимоий фаоллик учун қўлланилаётганига далолат қилади.

Устига устак, хавфсизликларини ўйлаб, аксарият саудияликлар Твиттер аккаунтларини сир сақлашади.

“Саудия Арабистонида Твиттер фойдаланувчилари сони кўплигини мутлақ эркинлик, деб баҳолай олмайсиз. Балки, бундан аввалги вазият билан таққосланганда, нисбатан эркинлик десак тўғрироқ бўлади”, - дейди Би-би-си Мониторинг ходимаси Сумая Бахш.

Ўтган йил Саудия ҳукумати барча Твиттер фойдаланувчиларини ўз аккаунтларини расман қайддан ўтказиш ва ўз шахсларига оид маълумотларни тақдим этишга мажбурлаш масаласини ҳам ўйлаб кўрганди.

Бироқ, ҳозирча, ҳукуматнинг бу режаси амалга ошгани йўқ. Аммо Твиттер фойдаланувчиларининг сони ёмғирдан кейинги қўзиқоринлардек ортиб бораётгани бор гап.

Дейлик, Саудия Арабистонида жойлашган “Social Clinic” медиа консалтинг ширкатининг маълумотларига таянилса, мамлакат аҳолисининг учдан бир қисми Твиттердан мунтазам равишда фойдаланади. Улар қилган твитларининг сони ойига 150 миллионтага етади.

Шундай қилиб, Саудия Арабистонида нега ҳамма Твиттерга муккасидан кетган? Саудияликлар изоҳи:

“Твиттер сизга цензурасиз бир муҳитга имконият беради”.

"Чунки кўнгил очишингиз учун Саудия Арабистонида на кинотеатр, на хиёбон, ҳеч нарса йўқ”.

“Одамлар ўз фикрларини эркин ифодалашлари зарур, қўрқмасдан, бировнинг буйруғи ёки чекловисиз, кўнгилларидаги яширин ўй-фикрларини ошкора айтиш, ҳар қандай ниқобларни ирғитиб ташлашлари керак”.

"Чунки на-да оммавий-ахборот воситалари ва на-да мулозимлар, ҳеч бири сизни ўйлантираётган муаммолар билан иши йўқ”.