Собиқ президент: "Украина фуқаро уруши бўсағасида"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украинанинг мустақиликка эришганидан сўнг илк президенти бўлган Леонид Кравчук мамлакат фуқаролар уруши бўсағасида тургани ҳақида огоҳ билан чиқди.

Айни дамда Украина парламенти икки ойдан буён давом этаётган аксил ҳукумат намойишларида қатнашган шахсларни авф этиш эҳтимолларини мубоҳаса этмоқда.

Президент Виктор Янукович амнистия ҳукумат бинолари ва баррикадаларни тарк этган шахсларгагина қўлланиши зарур, деб ҳисоблайди.

Бироқ, мухолифат бу шартга ҳозирга қадар кўнгани йўқ. Киев кўчаларидаги намойишчилар президент истеъфога чиқмагунча, жойларидан жилмасликларини айтишади.

Собиқ президент Леонид Кравчукнинг парламент аъзоларига айтишича, бутун жаҳон Украина фуқаро уруши арафасида турганлигини тан олади.

"Инқилоб рўй бермоқда. Бу каби шароитда ўта эҳтиёткорлик билан иш тутишимиз керак",- деди жаноб Кравчук гулдурос қарсаклар остида.

Ушбу парламент йиғилишида собиқ президентлар Леонид Кучма ва Виктор Юшченколар ҳам ҳозир эдилар.

Парламент ҳозирда ноябр ойидан бери ҳисбга олинган намойишчилар учун амнистия эълон қилиниши масаласини кўриб чиқмоқда.

Президент девони намойишчилар ҳукумат биноларидан чиқиб, бариикадаларни олиб ташлаб, тарқаб кетган ҳолларидагина амнистияни қабул қилишини маълум қилган. Лекин намойишчилар бунга кўнмаяптилар.

Ҳозиргача парламент янги намойишлар тўлқинига турктки берган норозиликларни чекловчи қонунни бекор қилиб, бош вазир Азаров истеъфосини қабул қилган. Азаров ҳукумати аъзолари ҳам истеъфога чиқишган, аммо янги ҳукумат ташкил этилгунга қадар 60 кун мобайнида ўз вазифаларини бажариб турадилар.

Халқаро муносабат

АҚш президенти Барак Обама ва Олмония канцлери Ангела Меркел аксилҳукумат намойишчиларига ўз ҳайрихоҳликларини билдиришган.

Ўзининг йиллик миллатага мурожаатида жаноб Обама, Украинани тилга олиб, биз ҳар ким ўз фикрини эркин ва тинч равишда изҳор қила олиши, мамлакат келажагини ҳал этишда итштирок этиши принципига содиқмиз, деб айтди.

Кеча сешанба куни эса вице президент Жо Байден президент Янукович билан телефон орқали суҳбатлашиб, ишлар илгари силжиганлигидан ҳушнудлик билдирган.

Айни вақтда Оврўпо Иттифоқининг Ташқи Масалалар бўйича расмийси Кетрин Эштон Киевга музокаралар учун етиб келган.

Россия президенти Владимир Путин эса, Укриана ишларига хорижий аралашувни танқид остига олди.

Жаноб Путиннингн айтишича, Украина халқи ўз тақдирини ўзи белгилашга қодирдир.

"Юнонистон ёки Қибрисдаги аксил Оврўпо намойишида Россия вазири пайдо бўлиб, даъват қила бошласа, қандай қабул қидлинарди", деб айтди жаноб Путин Брюсселдаги саммитда.

Украинадаги норозиликлар мобайнида камида беш киши ҳалок бўлиб, мамлакат бўйлаб қатор ҳукумат бинолари намойишчилар томонидан эгаллаб олинган.

Пойтахт Киев кўчаларида ҳануз минглаб намойишчилар қолмоқдалар.

Бу мавзуда батафсилроқ