Украина устидан Ғарб билан Россия даҳанаки жанжаллашди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Украина борасида томонлар мавқелари бир-бирига қарама-қарши.

Мюнхендаги халқаро хавфсизлик масалаларига бағишланган анжуманда Ғарб ва Россия раҳбарлари ўртасида аччиқ-тизиқ гап бўлиб ўтди.

Россия Оврўпо Иттифоқини икки хил стандарт сиёсатини юритишда айблаган.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Оврўпо Иттифоқини Украинадаги зўравон кўча намойишларини ҳимоя қилишда айблаган.

"Нима учун Украинада давлат бинолари босиб олиниши, полицияга ҳужум қилиниши ва ирқчилик, антисемит шиорлар билан чиқаётганларни Оврўпо раҳбарлари қораламаяпти. Аксинча Оврўпонинг нуфузли сиёсатчилари бундай ҳаракатларни қувватлаяпти. Агар Россия ҳукумати Лондон, Париж ёки Гамбургдаги тартибсизликларни ёқлаб чиқса, унга қандай муносабат бўлган бўлур эди?"- деб айтган жаноб Лавров .

Оврўпо Иттифоқи вакиллари айтишларича, ўзларининг Украинага қилган иттифоқ билан яқинлашиш таклифи ҳамон кучда.

Оврўпо Кенгаши Президенти Херман Ван Ромпей айтишича, Украинанинг келажаги Оврўпо Иттифоқида.

Америка Давлат котиби Жон Керрининг таъбирича, "АҚШ демократия учун курашни дастаклайди".

Айни пайтда Украина хавфсизлик хизмати мамлакатдаги давлат идораларини босиб олишга уриниш банди бўйича бир неча жиноий ишларни ўрганишни бошлаган.

"Оммавий намойишлар ва куч ишлатиш олдиндан кўзланган"

Хавфсизлик хизмати тергов бошқармаси бошлиғи Максим Ленконинг айтишича, мухолифдаги "Баткившина" ҳаракатининг Киевдаги идорасини тинтув қилиш пайти қўлга олинган компютердаги ашёвий далиллар жиноий иш очишга имкон беради.

"Қўлга олинган маълумотлар орасида норозилик намойишларида бошқарувдаги ҳукумат ва президентнинг обрўсига путур етказишни кўзлаган ҳаракатларни амалга ошириш режалангани ҳақида далиллар бор. Оммавий намойишлар ва куч ишлатиш олдиндан кўзланган", деб айтган жаноб Ленко.

Тергов бошқармасига кўра, Ички Ишлар вазирлигида буни исботлайдиган далиллар етарлидир.

Декабр ойида "Баткившина" партияси раҳбари Арсений Яценюк журналистлар саволларига жавоб бериб, ўзи ва бир нечта мухолиф аъзоларига нисбатан давлатни босиб олишга уриниш бўйича иш очилганини айтган эди.

"Мен, ўринбосарим Турчинов, "Свобода" раиси Олег Тягнибок ва саккиз киши 109 модда - давлат тўнтаришига ҳаракат қилишда айбланмоқда", деган эди Арсений Яценюк.

Айни пайтда мухолифат етакчиларидан Дмитрий Булатов оғир жароҳатлар билан касалхонада қолмоқда.

Булатов 31 январ куни Киев шифохонасига ётқизилгач, милиция ва прокуратура вакиллари уни сўроқ қилишга келишган.

Бироқ шифокорлар бунга рухсат беришмаган.

Украина Ички Ишлар вазирлиги билдиришича, "Автомайдон" ҳаракати раҳбари Дмитрий Булатов оммавий тартибсизликларни келтириб чиқаришда гумон қилинмоқда.

Шу билан бирга, 31 январ куни Президент Виктор Янукович норозилик намойишларига сабаб бўлган 16 январ қонунлари бекор қилинганини билдирган.

Жаноб Янукович, шунингдек, амнистия ҳақидаги қонунни имзолаган.

Унга кўра, намойишчилар босиб олган давлат биноларини бўшатсалар, ҳибсдаги фаолларга нисбатан амнистия қўлланилади.

Бу мавзуда батафсилроқ