Афғонистонда президентлик сайловолди жараёни бошланди

  • 2 Феврал 2014
  • изоҳлар
Image caption Вилоятларда ўз нуфузига эга бўлган номзодларнинг ташвиқоти кўпрок кўзга ташланади.

Икки ойдан кейин, 5 апрелда Афғонлар янги президент сайлашади. Президент Карзай эса мамлакат қонунларига содиқ қолиб, учинчи муддатга ўз номзодини илгари сурмайди.

2001 йилда қудратга келган Ҳомид Карзай икки ойдан сўнг ўз вазифасини янги президентга топширади.

Бу галги сайловлар 2014 йилда НАТО кучлари Афғонистондан чиқиб кетгач, маҳаллий армия мамлакатни қанчалар самарали ҳимоя қила олишида синов вазифасини ўтайди.

Президентлик сайловида қатнашиш учун 11 нафар номзод рўйхатдан ўтган.

Ҳамма номзодларга ўқ ўтмайдиган машина ва қўриқчилар берилган.

Мухбирларга кўра, Афғонистоннинг барча вилоятларида сайловолди жараёнлари бораётганини кузатиш мумкин.

Уларнинг айтишича, вилоятларда ўз нуфузига эга бўлган номзодларнинг ташвиқоти кўпроқ кўзга ташланади.

Image copyright
Image caption Президентлик сайловида қатнашиш учун 11 нафар номзод рўйхатдан ўтган.

Афғонистондаги президентлик сайлов кампанияси кўпгина номзодларнинг пойтахт Кобул кўчаларида реклама тахталардаги катта суратлари пайдо бўлиши билан бошланган.

Абдулла Абдулла, Ашраф Ғани Аҳмадзай, Қаюм Карзай, Гул Оға Ширзай, Ҳидоят Амин Арсала, Нодир Наим каби номзодлар тарафдорларини Кобулдаги катта тўйхоналарда йиғиб учрашув ўтказганлар ва ўз лойиҳалари ҳақида ахборот берганлар.

Номзодлардан, собиқ ўзбек дала қўмондони Абдул Рашид Дўстумнинг ҳамкори Ашраф Ғани ўз чиқишида ислоҳотлар ўтказишга ваъда берган.

Абдулло Абдулло ҳам дунё Афғонистондан, афғонлар дунёдан қўрқмаслиги керак, деб айтган.

Афғонистонда хавфсизлик масаласи ҳам сайловдан олдин ва ундан кейин ҳам долзарб бўлиб қолаверади.

Толибон ҳаракати Афғонистонда кутилаётган сайловларнинг ўтишига йўл қўймаслиги ҳақида огоҳлантирмоқда.

Толибон баҳор ойида бўлиб ўтажак президентлик сайловини эътироф этмаслигини билдирган ва ҳозирданоқ уни издан чиқариш учун ҳужумларини кучайтирган.

Шанба куни етакчи номзодлардан бўлган Доктор Абдулло Абдуллонинг икки нафар ёрдамчисини қуролли шахслар отиб ўлдиришганди.

БМТ Ҳиротдаги ҳужумни қоралаб, "Бу қўрқоқлик амали номзодлар ва уларнинг тарафдорларини атайлаб қўрқитиш учун қилинган ва унга тоқат қилинмаслиги керак", деб баёнот берган.

Кобулдаги Би-би-си мухбири Дэвид Lойннинг айтишича, сайловларда номзодлардан бирортасини ҳам ғолибликка аниқ даъвогар деб бўлмайди.

Тахминларга қараганда, Ҳомид Карзайнинг укаси Қаюм Карзай, Залмай Расул, ҳамда Ғарбнинг дастагига эга Aбдул Расул Саййафнинг ғалаба қозонишида имконлари катта.

Сайловларда этник таркиб асосий муаммо бўлиши мумкин. Афғонистонда аҳолининг 42 фоизини пуштунлар, 27 фоизини тожиклар, ҳазорийлар ва ўзбеклар 9 фоизни ташкил қилишади.

Сайловолди жараёни вилоятларда кутилганидан сокинроқ бўлиб ўтмокда. Бунга, кузатувчиларга кўра, қалин ёққан қор сабаб бўлган.

Афғонистон расмийлари ҳозирга қадар вилоятларда мустақил шикоятлар комиссияси идораларини оча олмаганликларини айтганлар.

Уларнинг билдиришича, вилоятларда идораларни очиш учун дастлабки ишларни бажарганлар ва вилоятларга йўллаш учун 102 нозирни танлаганлар, бирок идоралар ишини бошлаш учун президент Ҳомид Карзай рухсатини кутмоқдалар. Аммо сайлов қонунларига кўра, шикоятлар идоралари бир ой муқаддам очилиши лозим эди.

Фейсбук, Твиттер каби ижтимоий медиа тармоқлар бу галги сайловларда ҳал килувчи вазифани бажариши кутилмоқда. Зеро, бугунги кунда икки миллиондан зиёд афғонистонликлар ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланишади.