Москва: мактабдаги отишмада қурбонлар бор

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Россия Ички Ишлар вазирлигининг хабар қилишича, Москванинг Отрадное туманидаги 263 мактабда содир бўлган отишмада икки киши- полициячи ва мактаб ўқитувчиси ҳалок бўлган.

Россия Тергов қўмитасига кўра, ўқувчиларни гаровга олишга уринган шахс- шу мактабнинг 10 синф ўқувчиси Сергей Гордеев экани аниқланган.

Ўқитувчиларнинг Би-би-си мухбирига айтишича, қуролли ўсмир ўзини ғалати тутган. Лекин ўқитувчилар уни бундай ҳаракатга нима мажбур қилганини билмаганлар. Уларнинг сўзларига қараганда, Сергей Гордеев мактабда аъло баҳога ўқиган.

Тергов идораларига кўра, Гордеев мактабга тушга яқин қурол билан келган.

"Қўриқчи уни ичкарига киритмасликка уринган, шунда ўқувчи унга қаршилик қилган. Бу орада қўриқчи шошилинч сигнал тугмасини босишга улгуради ва ўсмирни синф хонасига олиб киради. Ўқувчи бола синфда ўқитувчига ўқ узади, кейинроқ ўқитувчи олган жароҳатидан вафот этди",- дейилади суриштирув қўмитаси мурожаатида.

Ўсмир қўриқчининг чақириғидан сўнг мактабга етиб келган полиция ходимларига қарата ҳам ўқ очиб, бир полициячини ўлдирган ва бошқасини ярадор қилган.

Ҳуқуқ тартибот идораларидаги манбанинг Интерфаксга айтишича, ўқувчининг ҳаракати жуғрофия ўқитувчисидан ўч олиш бўлиши мумкин, деган тахминлар ҳам бор.

Унинг билдиришича, фожеа биология кабинетида юз берган. Ҳалок бўлган эса жуғрофия ўқитувчиси.

Полиция хабарига кўра, ўсмир икки милтиқ билан қуролланган ва 11 та ўқ узган. Ўқлардан тўрттаси жуғрофия ўқитувчисига қаратилган. Қолганларини полициячиларга қараб отган.

Сергей Гордеев отасининг ҳаракати билан таслим бўлган. Ўсмирнинг отаси аввал телефонда, сўнгра полиция берган бронежилетни кийиб ўғли билан юзма-юз гаплашгани айтилади.

Мактаб олдида 30га яқин полиция машиналари, қутқарувчилар, ўт ўчирувчилар ва "тез ёрдам" машинаси етиб келган.

Шунингдек, Россия Ички Ишлар вазири Владимир Колокольцев ва Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрыкин ҳам ҳозир бўлганлар.

Россия суриштирув қўмитаси томонидан қотиллик, гаровга олиш ва полиция ходими ҳаётига қасд қилиш бўйича уч жиноий иш қўзғатилгани хабар қилинади.